Нуфузли мусобақаларда муносиб натижаларга эришишда тайёргарлик дастурлари, стратегик режалар, “йўл харита”лари муҳим аҳамият касб этади.
Маълумки, жорий йил давомида мамлакатимиз спортчиларини ўнлаб жаҳон ва қитъа чемпионатлари, халқаро турнирлар қатори ёзги Осиё ўйинлари, «Ченду-2021» ёзги Бутунжаҳон “Универсиада” баҳслари, II МДҲ ўйинларида қатнашиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон ёшларининг шиддатини намойиш этадиган мазкур мусобақаларга тайёргарлик ишлари қандай кечмоқда? Ишлаб чиқилган дастурларнинг ижроси таъминланяптими?
Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов раислигида ушбу комплекс ўйинларга, хусусан «Ченду-2021» ёзги бутунжаҳон “Универсиада” баҳслари ҳамда II МДҲ ўйинларига тайёргарлик тақдимотида ушбу масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Маълумки, жорий йил 28 июль-8 август кунлари Хитой Халқ Республикасида «Ченду-2021» ёзги бутунжаҳон “Универсиада” ўйинлари ташкил этилади.
Тақдимотда таъкидланганидек, «Ченду-2021» ўйинларида дунёнинг 110 тадан зиёд давлатидан 5 минг нафар атрофидаги спортчи қатнашиши кутилмоқда. Мамлакатимиз спорт делегацияси 85 нафарга яқин талаба-спортчи билан универсиада ўйинларида иштирок этиши режалаштирган.
Хўш, Хитойдаги эпидемиологик вазият туфайли кечиктириб ўтказилаётган «Ченду-2021″да талаба-спортчиларимиз нечта спорт турида юртимиз шарафини ҳимоя қилади? Ютуқлар салмоғи аввалги «Наполи-2019» ёзги “Универсиада” ўйинларидан фарқли жиҳати нималарда акс этади?
Албатта, спорт мусобақалари башоратлар майдони эмас. Лекин, тайёргарлик стратегияси, ўтказилган ўқув-машғулотлар, ўйинлар олди мусобақалар жараёни асосида мураббий ва мутахассислар тақдим этган аниқ дастурлар маълум бир фикрларни айтишга изн беради.
Тақдимотда шу хусусда сўз борди. Бундан беш йил муқаддам ўтган «Наполи-2019» ўйинларида Ўзбекистон талаба-спортчилари 3 та спорт турида 2 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медалларига сазовор бўлиб, 112 та давлат орасида умум жамоада 19-ўриннни эгаллаганди.
Италия спорт майдонларида кечган ўша “Универсиада” баҳсларида теннисчиларимиз 2 та олтин, 1 та кумуш, таэквондочиларимиз 1 та кумуш, дзюдочиларимиз 4 та бронза медалига мушарраф бўлган. Бу йил бўладиган “Универсиада” ўйинларида эса мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган режа-дастурга мувофиқ, мамлакатимиз талаба-спортчилари умумий ҳисобда 18 та спорт турини қамраб олган ҳолда 7 та спорт турида 22 та медаллар жамланмасини қўлга киритиши прогноз қилинмоқда.
— «Ченду-2021″да кутилаётган ҳолат «Наполи-2019″даги вазиятдан тубдан фарқ қилишини, спорт турларидаги умумий об-ҳаво олдинги кўринишдан ўзгача эканлигини англаган ҳолда келтирилган режа ва мақсадлар амалий натижа билан мутаносиб бўлиши ҳар бир спорт туридаги талаба-спортчиларнинг имкониятлари, уларнинг халқаро мусобақаларда эришаётган кўрсаткичлари негизидан минимум ҳолатда олинганлигини назарда тутиш лозим. Масалан, 2019 йили Италияда ўтган “Универсиада”да юртимиз спортчилари дзюдо, таэквондо, теннис спорт турида 8 та медалга эга чиққан бўлса, Хитойда бўладиган “Универсиада” ўйинларида совриндор бўлиши кутилаётган спорт турлари сафига спорт гимнастикаси, енгил атлетика, қиличбозлик ва ушу каби спорт турлари қўшилмоқдаки, бу, бутунжаҳон “Универсиада” ўйинларида Ўзбекистон талаба-спортчиларнинг қамрови янада кенгаяётганлигидан далолат. Бу нимани англатади? Спорт турлари географиясининг кенгайиши, иштирокчилар сафининг ортиши, ютуқлар прогнозидаги ўсишнинг таг заминида энг аввало, давлатимиз томонидан спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар изчиллигининг самараси, ёшлар, талабалар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт ҳаракати янги ривожланиш босқичига чиққанлигининг амалий ифодаси бўлди, — дейди Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Рашид Маткаримов.
Айтиш лозим, Хитойда ўтадиган ёзги “Универсиада” ўйинлари қизғин паллага кирган бир пайтда, яъни жорий йилнинг 4-14 август кунлари Беларусь Республикасида II МДҲ ўйинлари бўлиб ўтади.
Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ташкилотига аъзо 9 та давлатнинг ёш спортчилари ўртасидаги бу галги II МДҲ ўйинларида ёшлар 21 та спорт турида медаллар учун кураш олиб боради.
Ўтган 2021 йили Россиянинг Қозон шаҳрида ўтган I МДҲ ўйинларида спортчилар 18 та спорт турида иштирок этган бўлса, шундан 12 таси олимпия, 6 таси ноолимпия тизимидаги спорт турлари саналган. Қозон баҳсларида юртимиз спортчилари 23 та олтин, 32 та кумуш ва 35 та бронза медалларига мушарраф бўлиб, умум жамоада 2-ўринни эгаллаганди.
16 та олимпия, 5 та ноолимпия спорт турлари бўйича баҳслар ўтказилиши кутилаётган II МДҲ ўйинларида Ўзбекистон спорт жамоаси 22 та спорт турида қатнашиб, 21 та олтин, 36 та кумуш ҳамда 35 та бронза медалларини қўлга киритиш режаси ишлаб чиқилган.
Гоҳида кутилган натижалар юз бермаслиги, билдирилган тилаклар ижобат бўлмаслиги эҳтимолдан йироқ эмас. Аммо, ҳар қандай муваффақият аввало истак ва хоҳишнинг куч-қудрати, таҳлилларнинг самарали ўтказилиши орқали юз беришини англамоқ лозимки, «Ченду-2021» ёзги бутунжаҳон “Универсиада” баҳслари, II МДҲ ўйинлари учун ишлаб чиқилган тақдимот, тадбирлар режаси, ундаги хулосалар орзуларимиз имкониятларимизга мос келишига хизмат қилишини қалб қўримиз билан истаб қоламиз.
Т. Рўзиев, ЎзА