Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида таэквондо WТ бўйича 100 га яқин мамлакат спортчилари иштирокида давом этаётган жаҳон чемпионатининг ортда қолган бешинчи кунида энг ёш спортчиларимиздан бири бўлган Омонжон Отажонов бронза медалини қўлга киритиши мусобақанинг шов-шувли натижаларидан бири бўлди.
Боиси, 54 килограмм вазндаги баҳсларнинг саралашидан ярим финалгача бўлган йўлда Отажонов жаҳон ва қитъа чемпионлари, халқаоро турнирларнинг совриндорларини мағлуб этди. Колумбиялик Брайан Гарридо, озарбайжонлик Сайяд Дадашов, Германия вакили Холид Абдул Халим, таиландлик Тай-Жун Парк каби қатор номдор спортчилар айнан Омонжон Отажонов қаршилигини енгиб ўта олишмади.
Бугун, 3 июнь куни жаҳон чемпионатида эркаклар ўртасида 74 кило, аёллар ўртасидаги 62 кило оғирликдаги баҳслар билан давом этади.
Чемпионатнинг олтинчи кунги дастурида ҳамюртларимиздан Жасур Жайсунов ҳамда Феруза Содиқова ғолиблик учун курашга киришади.
Эслатиб ўтамиз, 4 июнгача давом этадиган жаҳон чемпионатида ҳозирча Ўзбекистон терма жамоаси 1 та кумуш ва 2 та бронза медалларига эга бўлиб турибди.
Т. Рўзиев, ЎзА.