“Transfermarkt” портали Ўзбекистон чемпионатида иштирок этаётган футболчиларнинг янгиланган нархини эълон қилди.
Ўзбекистон U-20 терма жамоаси ва “Пахтакор” футбол клуби ярим ҳимоячиси Аббосбек Файзуллаевнинг жаҳон чемпионатидаги иштирокидан кейин трансфер баҳоси 450 000 еврога кўтарилди. Энди унинг трансфер баҳоси 750 минг еврони ташкил этмоқда, дейилади хабарда.
“Навбаҳор” вакили Остон Ўрунов ва “Нефтчи” ярим ҳимоячиси Нурилло Тўхтасиновнинг нархларига 300 минг евродан қўшилди. Бу ҳар иккала футболчининг янги трансфер баҳоси 800 минг еврога тенг эканлигини англатмоқда.
“Динамо” жамоасидан “Навбаҳор”га ўтган Иброҳим Йўлдошевнинг нархи 275 минг еврога кўтарилди ва 500 минг еврога етди. Ўзбекистон U-20 терма жамоаси ва “Насаф” клуби вакили Зафармурод Абдураҳматовнинг порталдаги нархи бунгача 100 минг евро эди. Ярим йилдаги ўйинлари орқали 250 минг евро қўшилди.
Шунингдек, трансфер нархлари кўтарилган ва тушган бир қатор футболчилар номи ҳам ушбу рўйхатда келтирилган.
Улар орасида “Сурхон” футболчилари Силванус Нимели ва Асилбек Жумаев, Ўзбекистон U-20 терма жамоаси аъзоси Беҳруз Асқаров, тажрибали футболчилар Ҳусниддин Алиқулов ва Хуршид Ғиёсов каби ўнлаб футболчиларнинг номлари келтирилган.
Т. Рўзиев, ЎзА.