Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Этноспорт турларини оммалаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилнинг сентябрь ойида Хива шаҳрида Халқаро этноспорт фестивалини ташкил этиш белгиланган.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида мазкур фестивалга тайёргарлик масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов олиб борган йиғилишда этноспорт фестивалининг аҳамияти, унда қатнашадиган давлатларнинг рўйхатини шакллантириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Муҳокамалар давомида тегишли спорт федерациялари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ишлар таҳлил этилди. Ҳар бир йўналиш бўйича масъул бўлган мутасаддиларга аниқ вазифалар белгиланди.
Т.Рўзиев,
ЎзА