Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш соҳасига хусусий сектор жалб қилиниши муносабати билан “Метрология тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
– Бугунги кунда юртимизда метрологияга оид 91 та лаборатория мавжуд бўлиб, уларнинг 21 таси хусусий секторга тегишли, – деди Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директори Дилшод Сатторов. — Аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшилаш ва мазкур соҳада хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун энг қулай шароит ва рағбатлар яратиш зарурати “Метрология тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо этмоқда.
Шу муносабат билан мазкур қонун лойиҳасида ўлчаш воситаларини қиёслаш хизматлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳисобланмайдиган юридик шахсларнинг метрология хизматлари томонидан кўрсатилишига рухсат бериш таклиф этилмоқда. Шунингдек, эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш орқали мавжуд монополияларни бартараф этиш мақсадида давлат метрология назоратини ташкил этиш ва соҳада хизматларни кўрсатиш функциялари белгиланмоқда. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ваколатидаги метрология хизматларини кўрсатиш ваколати Ўзбекистон миллий метрология институтига берилмоқда. Натижада давлат метрология назорати ва метрология хизматларини кўрсатишда вужудга келадиган манфаатлар тўқнашуви бартараф этилади.
Муҳокамалар давомида депутатлар турли соҳаларда фойдаланиладиган ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш соҳасига хусусий сектор жалб қилиниши тадбиркорларга кенг имкон яратишини таъкидлади. Қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Савол-жавоб ва баҳс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА