Таҳлилларга кўра, 2024 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖга келиб тушган мурожаатлар сони 2023 йилга нисбатан 26 фоизга камайган.

2024 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖга жисмоний ва юридик шахслардан жами 708 та мурожаат келиб тушди. Бу натижа 2023 йилга нисбатан 26 фоизга камайишни кўрсатмоқда. Мурожаатлар сонининг камайиши ташкилот фаолиятидаги ижобий ўзгаришлар ва аҳоли билан самарали мулоқотни таъминлашга қаратилган чоралар натижасида амалга ошган.

Жисмоний шахслардан келиб тушган мурожаатлар 643 тани, юридик шахслардан эса 65 тани ташкил этди. Уларда қуйидаги масалалар кўтарилган: ишга жойлашиш билан боғлиқ мурожаатлар 156 та, ёқилғи таъминоти масалалари 80 та, иш ҳақи ва моддий ёрдам 77 та, меҳнат муносабатлари 64 та, раҳбарларнинг ноқонуний ҳаракатлари 41 та, газ таъминотига доир масалалар 39 та, бошқа йўналишлардаги эса 251 та.

Мурожаатларнинг 575 таси ижобий ҳал этилган бўлиб, 92 та мурожаат бўйича тушунтиришлар берилган, 34 таси рад этилган ва 7 таси ҳозирда кўриб чиқилмоқда.

Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари орқали келган 265 та мурожаатнинг 255 таси ижроси таъминланди, қолган 10 таси бўйича иш давом этмоқда.

Шунингдек, расмий веб-сайтдаги “Онлайн-маслаҳатчи” хизмати орқали 2 минг 786 та, “Ишонч телефони” орқали эса 1 минг 544 та мурожаат бўйича тезкор жавоб ва тушунтиришлар берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ахборот хизмати маълумотига кўра, мурожаатлар бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар соҳада шаффофликни таъминлашга хизмат қилади ва аҳоли билан самарали мулоқотни янада ривожлантиради.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА