Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси ўз ишини бошлади. Унда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокамаси кўзда тутилган. Йиғилишда дастлаб суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Мазкур лойиҳа бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директорининг биринчи ўринбосари Шавкат Ҳайдаров маъруза қилди:
— Мамлакатимизда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони ижроси доирасида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан қонунчилигимизда янги Мажбуриятлар реестри институтини жорий этиш назарда тутилмоқда. Лойиҳанинг аҳамияти шундаки, йилдан-йилга фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида шартномавий муносабатларнинг кўпайиб бораётгани ўз навбатида, муаммоли қарздорликларнинг юзага келишига ҳам сабаб бўлмоқда.
Шу боис суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишдан ҳар қандай бўйин товлашларнинг олдини олишни такомиллаштириш зарурати туғилмоқда.
Бугунги кунда амалдаги қонунчиликка мувофиқ, қарздорнинг ундурувга қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки ёки даромадлари мавжуд бўлмаса, ижро иши юритиш тугатилиши белгиланган. Шу билан бирга, қарздорликнинг тугатилиши қарздорга нисбатан қўлланилган барча чекловларнинг ҳам бекор қилинишига сабаб бўлади. Суд ижроси тугалланганидан сўнг қарздорнинг мулк аҳволини кузатиб бориш имконияти бюро органларида мавжуд эмас, қонунчиликда ҳам мустаҳкамланмаган. Бу каби ҳолатлар турли эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Мажбуриятлар реестрини жорий этиш ва қарздорнинг мол-мулки ёки пул маблағлари Мажбуриятлар реестрида аниқланган тақдирда, ижро ишини қайта тиклаш назарда тутилмоқда. Шунингдек, Солиқ кодексида Мажбуриятлар реестрига киритилган солиқ қарзига пеня ҳисобланмаслиги белгиланмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳасининг қабул қилиниши суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатларини тўлиқ ва сўзсиз ижро этилишини таъминлашга хизмат қилиши, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиши таъкидланди.
Муҳокамалар давомида бир қатор депутатлар томонидан бир қатор саволлар ўртага ташланди ва масъуллар томонидан жавоблар қайтарилди. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА