Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

— Мамлакатимизда экология ва атроф-муҳит муҳофазасини кучайтириш, экологик вазиятни яхшилаш, иқлим ўзгаришларининг олдини олиш ва унга мослашиш, дарахтзорлардан оқилона фойдаланиш, аҳолининг маданий дам олиши учун шарт-шароитлар яратиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди, — деди депутат, қўмита раиси Х.Ғаффоров. — Хусусан, дарахтлар ва буталарнинг кесилишига мораторий эълон қилиниб, бутун мамлакат миқёсида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, янги маданий ҳордиқ чиқариш масканлари барпо этиляпти. Аммо давлат мулки ҳисобланган умумий фойдаланишдаги истироҳат боғлари, сайилгоҳ, хиёбон ва дарахтзорлар ҳудудида бино-иншоотларни қуриш амалиёти кенгайиб бораётгани сабабли кўп йиллик дарахтларнинг кесилиши, атроф-муҳитни ифлосланиши оқибатда аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасида давлат мулки ҳисобланган ҳамда аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни ёки уларнинг бир қисмини хусусийлаштириш ёхуд бошқача тарзда бегоналаштириш, ушбу ерларда бинолар ва иншоотларни қуриш (бундан енгил турдаги объектлар мустасно) ёки мавжуд бинолар ва иншоотларнинг қурилиш майдонларини кенгайтириш, шунингдек, бу ерларнинг ҳудудини қисқартириш тақиқланмоқда.

Маърузачи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида масъул қўмита томонидан бир қатор йиғилишлар, семинарлар ўтказилгани, уларда депутатлар берган барча таклифлар чуқур таҳлил қилиниб, асосли деб топилганлари лойиҳа матнида акс этгани ва ҳужжат ҳар томонлама пишиқ-пухта ҳолатга келтирилганини қайд этди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилишини “яшил”, кўкаламзор зоналарни муҳофаза қилиш, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариш масканлари муҳофазасини кучайтириш, экология ва атроф-муҳитнинг яхшиланишига хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА