Германиялик шифокорлар кўригида

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ҳамкорлигида амалга оширилаётган соғломлаштириш дастури асосида Самарқанд вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида 12 ёшгача бўлган бемор болалар учун тиббий кўрик ташкил этилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Жиззах ва Самарқанд вилоятларидан 150 нафардан ортиқ бола тиббий кўрикдан ўтказилди.

5.JPG

– “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти билан ҳамкорлик натижасида ҳар йили юртимиздан таянч-ҳаракат тизимининг туғма ирсий касалликлари бўлган, терида куйишдан кейин асоратлар қолган, пешоб йўли (экстрофия, гипоспадия) ва овқат ҳазм қилиш тизимининг туғма нуқсонлари билан операцияга муҳтож бемор болалар Германия клиникаларида даволаниб келмоқда, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи Р.Раҳмонова. – Республикамиз бўйлаб ўтказилаётган бу галги тадбир ҳам ана шундай бемор болаларни кўрикдан ўтказиш, уларга зарур ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилди. Кўрик давомида германиялик мутахассислар билан бирга, юртимизнинг малакали шифокорлари болаларни кўрикдан ўтказиб, ўз тавсияларини берди.

Тиббий кўрик натижаларига кўра, энг оғир деб топилган бемор болалар жорий йил август ойида Германиянинг нуфузли клиникаларига даволаниш учун юборилади.

7.JPG

– Қизимнинг оёғи уч йил ичида беш марта синган эди, – дейди Навоий шаҳрида истиқомат қилувчи Севинч Эргашева. – Бундан аввалги тиббий кўрик натижасига кўра, фарзандим 6 ой мобайнида Германияда даволаниб келди. Уч йил гипсда ётган қизим ҳозир бемалол ҳаракатланмоқда, саломатлигида ижобий ўзгаришлар бор. Бугун яна бир бор тиббий кўрикдан ўтиш учун таклиф қилишганди. Худога шукр, ҳаммаси яхши экан.

 

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА