Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида кўриб чиқилган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси хотин-қизлар ва болаларнинг тазйиқ ҳамда зўравонликка учрашининг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
Йиғилишда таъкидланганидек, бугунги кунда хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўплаб муаммолар юзага келмоқда. Жумладан, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларига дахл қилувчи жиноий қилмишлар учун мутаносиб санкциялар, шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмаган. Қонунчиликда аёлларни иш ва ўқиш жойида тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича кафолатлар мавжуд эмас.
— Турли тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер муддати (30 кун) хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини етарли даражада ҳимоя қилиш имконини бермаяпти, — дейди депутат Мухтабар Ҳусанова. — Алимент тўлолмаган шахсларга жазо сифатида жарима тайинланиши янада моддий қийинчиликларга олиб келмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Меҳнат ва Оила кодексларига, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” қонунларга ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларига муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, Жиноят кодексида аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш, номусга тегиш, 16 ёшга тўлмаганга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш каби жиноятлар учун жазо чоралари оғирлаштирилмоқда.
Фракция аъзолари партия сайловолди дастурида хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифа сифатида белгиланганини таъкидлаб, бу борадаги масалалар доимий эътиборда бўлишини қайд этди. Шу боис партия мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, уни пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича бир қатор таклифлар ўртага ташланди.
Шунингдек, мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракцияси йиғилишида ҳам қизғин муҳокама қилинди.
М.Комилова,
ЎзА