Ижтимоий ҳимоя, молия ва банк, тадбиркорлик, ташқи иқтисодий фаолият ҳамда божхона ишига оид 1 минг 860 қонунчилик ҳужжати коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилганда уларнинг 350 тасида коррупциявий омил аниқланди.
Бу “2022 йилда қонунчилик ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш натижалари” мавзусида халқаро экспертлар, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари иштирокида ўтказилган давра суҳбатида қайд этилди.
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган коррупциянинг олдини олишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари, коррупцияга қарши экспертиза йўналишида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинган тадбирда бошқа вазирлик ва идораларнинг қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини амалга оширишдаги фаолиятига ҳам тўхталиб ўтилди.
Жумладан, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 293 лойиҳа коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиб, уларда коррупциявий омиллар аниқланмагани тўғрисида маълум қилинган бўлса-да, ушбу лойиҳалар Адлия вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилганда, уларда 457 коррупциявий омил аниқланган.
Адлия вазирлиги томонидан коррупциявий омилларни аниқлаш учун учта қонунчилик ҳужжати – қонун, Президент фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Мазкур лойиҳалар билан амалдаги 243 қонунчилик ҳужжатидаги коррупциявий ҳолатларни содир этишга имкон берувчи тартиб ва қоидаларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан ногиронлар тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бориш имконига эга бўлмаса, экспертиза унинг хоҳишига кўра унинг уйида ёки шахс даволанишда бўлган стационарда ўтказилиши бўйича таклиф киритилганлиги қайд этиб ўтилди. Амалдаги тартибга кўра эса, мазкур танлов комиссия ихтиёрига кўра ҳал қилинмоқда.
Президент фармони лойиҳаси билан коррупцияга шароит яратувчи нормаларни бартараф этиш, тартибга солиш юкини камайтириш ва қонунчилик тизимлилигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси билан Ҳукуматнинг 61 қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Давра суҳбатида мазкур лойиҳалар бўйича БМТ Таррақиёт дастури лойиҳаси ҳамда БМТ Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси вакиллари ўз фикрларини билдириб ўтди.
Н.Абдураимова, ЎзА