Тошкентда “Ready4Trade” Марказий Осиё лойиҳаси доирасида ташкил этилган товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатларнинг электрон алмашинуви бўйича минтақавий тадбир бўлиб ўтди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, “Ready4Trade” Марказий Осиё – Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ва Халқаро савдо маркази турли мамлакатлардаги шериклари билан яқин ҳамкорликда амалга ошираётган тўрт йиллик лойиҳа. Мазкур ғоя минтақа мамлакатларида халқаро савдони рағбатлантириш орқали Марказий Осиёнинг умумий барқарор ва инклюзив иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшади. Ҳукуматлар, кичик ва ўрта бизнес корхоналари, хусусан, аёллар томонидан бошқарилаётган корхоналар ва тадбиркорликни қўллаб-қувватловчи ташкилотлар лойиҳа бенефициарлари ҳисобланади.
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари вакиллари, товарлар келиб чиқишини сертификатлаш бўйича мутахассислар, шунингдек, Халқаро савдо палатаси ва Халқаро савдо маркази экспертлари иштирок этган тадбирда савдо операцияларини рақамлаштириш, қоғозсиз савдо тартибини жорий этиш муҳимлиги алоҳида қайд этилди. Бу, ўз навбатида, ташқи савдо тартиботидан, чегарадан ўтишни осонлаштиради, савдони ривожлантиришга кўмаклашади.
Халқаро савдо палатаси экспертлари Марказий Осиё давлатлари доирасида электрон сертификатлаштириш тизимини ўзаро қўллаш тартибини жорий этиш ташаббуси трансчегаравий электрон тижоратни ривожлантириш, минтақавий даражада рақамли савдо экологик тизимини яратишга кўмаклашишга қаратилганини таъкидлади.
Алоҳида мавзуларга бағишланган сессияларда ваколатли ва тегишли идоралар вакиллари товарлар келиб чиқишини сертификатлаштириш тартибини жорий қилиш ва юритиш бўйича тажриба алмашди. Шу билан бирга соҳада инновацион рақамли технологияларни қўллаш масаласи муҳокама қилинди.
Томонлар Марказий Осиёда ўзаро савдо тартиб-қоидасини енгиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида илғор тажрибани ўрганиш, мавжуд камчиликларни аниқлаш бўйича манфаатдор идоралар вакиллари ҳамкорлигида иш олиб бориш муҳимлигини маъқулладилар.
Қайд этиш жоиз, товар келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатнинг электрон алмашинуви жорий этилиши чегараларда мазкур сертификатларни сўраш, қайта ишлаш, топшириш ва қабул қилиш самарадорлигини оширади. Қолаверса, корхоналар томонидан чегарадан ўтишда экспорт тартиб-қоидасига риоя қилиш учун зарур вақтни қисқартириб, жараённинг хавфсизлигини оширади. Мазкур ҳужжатни чиқарувчи идора ва ҳудудий божхона маъмурияти ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
ЎзА