Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған бошчилигида кеча Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси ўтказилди, унда зилзила оқибатларини тугатиш, жабрдийдаларга ёрдам бериш масалалари кўриб чиқилди. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар берди.

Давлат етакчиси йиғилишдан кейин журналистларга зилзила оқибатида халок бўлганлар сони 35 минг 418 кишига етганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, зилзиладан 105 минг 505 киши зарар кўрган.

Туркия Президенти зилзила натижасида вафот этганларнинг оилаларига 100 минг лирадан ёрдам пули берилишини айтди.

“Бундан ташқари, жабрдийдаларнинг барча эҳтиёжларини тезкор қоплаш учун ҳукумат барча чораларни кўрмоқда”, деб қўшимча қилди.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабарларига кўра, Адияманда зилзиладан 207 соат ўтгач, 45 ёшдаги аёл, 12 ёшли ўспирин, 212 соатдан кейин эса 77 ёшли аёл вайроналар остидан олиб чиқилган.

 

ЎзА