“Жасур рицар-2” операцияси доирасида зилзиладан жабрланганларга интеграциялашган ёрдам кўрсатиш мақсадида Газиантеп шаҳридаги “Ислоҳия” ҳудудида Бирлашган Араб Амирликлари дала шифохонаси иш бошлади. Бу ҳақда “WAM” ахборот агентлиги маълум қилди.

Мажмуада ярадорларга тўлиқ тиббий ёрдам кўрсатиляпти, улар билан психологик реабилитация муолажаси олиб бориляпти.

40 000 квадрат метр майдонда жойлашган, бир неча бўлимдан иборат шифохона раҳбари Абдуллоҳ Ходим Ал-Ғайсий шундай дейди:

– 50 ўринли жадал терапия, 4 ўринли реанимация ва стационар бўлимлардан таркиб топган муассасамизда тез ёрдам, жарроҳлик амалиёти каби бошқа турли хизматлар ҳам мавжуд. Оғир ва хавфли ҳолатда қолган беморларга 15 нафар тажрибали шифокор, 60 нафар моҳир ҳамшира ва техник ёрдамчи ёрдам кўрсатмоқда. Зилзила гувоҳлари билан шуғулланиш, офатнинг психологик оқибатини бартараф этишда уларга ёрдам кўрсатишга ихтисослашган психиатрия клиникамиз ҳам ишлаяпти. Турли касалликларга қарши юқори самарадорлик билан курашиш қобилиятига эга тажрибали ходимларимиз, энг илғор тиббий асбоблар билан жиҳозланган мажмуамиз тун-у кун ўз хизматини тақдим этмоқда. Масъулиятли вазифага виждонан ёндашиш барчамизнинг олий мақсадимиздир.

Халқаро таснифга кўра учинчи даражали мавқега эга Амирлик дала шифохонаси оғир ва ўта оғир жарроҳлик амалиётини ўташ учун ҳам шай қилинган. Маълумот ўрнида келтириш мумкин, биринчи даража илк тиббий ёрдам кўрсатадиган диспансерга, иккинчи даража эса кичик жарроҳлик амалиётига мўлжаланган шифохонага тақдим этилади.

Муҳаррама Пирматова,

ЎзА