Японияда мамлакат бўйлаб 679 ҳудудда университетга кириш учун икки кунлик имтиҳонлар бошланди. Бу ҳақда Kyodo News хабар бермоқда. Бир фан бўйича имтиҳонда 465 мингга яқин абитуриент қатнашди.

Ўтган йили кириш имтиҳони даврида саволларнинг фотосурати тарқалиб кетиб, бир мунча чалкашликларни юзага келтиргани боис, бу йил ташкилотчилар фирибгарликнинг олдини олиш учун қатъий қоидаларни қўллашди.

Шунингдек, университетга кириш имтиҳонлари миллий маркази маълумотларига кўра, мамлакат коронавируснинг саккизинчи инфекция тўлқини билан курашаётганлиги сабабли абитуриентлардан тана ҳароратини текширтириш чоралари кўрилди.

Бу йилги синовлар ўтказилаётган олийгоҳларда хавфсизлик чоралари кучайтирилган бўлиб, полиция абитуриентлар хавфсизлигини таъминлашга ёрдам бермоқда.


Муҳаррама Пирматова, ЎзА