БАА ҳукумати Дубайдаги Ал-Мактум аэропортини кенгайтиришни режалаштирмоқда. У дунёдаги энг йирик аэропортга айланади.

Хорижий оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, аэропортни реконструкция қилиш лойиҳаси ҳукумат сайтида эълон қилинган.

Аэропортни қайта қуриш 2027 йилда якунланади, натижада ҳаво қўналғаси бир йилда 260 миллион йўловчига хизмат кўрсатадиган бўлади. Майдони 65 квадрат километр бўлган ҳудудда бешта учиш-қўниш йўлаги жойлашади.

Аввалроқ Саудия Арабистони ҳам пойтахт аэропортини кенгайтириш режасини эълон қилган эди. Ҳукумат режасига кўра, Ар-Риёд аэропорти 2030 йилга келиб йилига 120 миллион кишига хизмат кўрсатадиган бўлади, натижада у дунёдаги энг йирик аэропортларнинг бирига айланади, дейилганди хабарда.