Жумадан жумагача
Россия ва Хитой раҳбарлари Янги йил муносабати билан бир-бирларини телефон орқали, сўнгги йилларда видеокоференцалоқа шаклида қутлаш анъанага айланди. Бу сафар ҳам шундай бўлди.
Аслида Владимир Путин ва Си Цзиньпин 2010 йилда танишишган, ўшанда бири бош вазир, бошқаси давлат раисининг ўринбосари эди.
Ташқи ишлар вазири Ван И ўтган ҳафта ишини якунлаган Хитойнинг халқаро дипломатиясига бағишланган симпозиумда икки давлат муносабатларига “тош каби мустаҳкамдир”, деб таърифлаган эди. Бу иборани аввал ҳам қўллаганини экспертлар эътироф этишади.
Давлат раҳбарлари мулоқот чоғида Россия етакчиси Хитой раисини 2023 йилда Москвага таклиф этади ва у қабул қилинди. Чин раҳбари 2019 йилнинг июнь ойида сафар билан Россияга борган, қатор ҳужжатлар қабул қилинган, улар орасида энг муҳими кенг миқёсдаги ҳамкорлик ва стратегик ҳамжиҳатлик муносабатларини ривожлантириш тўғрисидаги қўшма баёнот эди.
Си Цзиньпиннинг бу йилги ташрифи, ишчи, расмий сафарларни қўшиб ҳисоблаганда, тўққизинчиси бўлади. Бу эса икки давлат алоқаларининг мустаҳкамлигидан дарак беради(ми)…
Ташриф тахминан март ойи охири, апрель бошларида бўлиши кутилмоқда. Бутун Хитой халқ вакилларининг йиғилишининг навбатдаги сессияси март ойи бошида бўлиб ўтади, унда жиддий кадрлар масаласи кўрилади. Ана шундан кейин Си кўнгил хотиржамлик билан Москвага борса бўлади…
Ташриф мавзуси Украина атрофидаги можаро давом этаётган бир пайтда кўтарилди. Хитой етакчиси Россия “музокаралар йўли билан зиддиятни ҳал этишни инкор этмаяпти”, деб баёнот берди. Бу эса бутун масъулият Киевга ўтганини англатмайдими?
Цзиньпиннинг декабрь ойидаги Германия канцлери Олаф Шольц билан телефон орқали суҳбатини Вашингтон ҳажм қилолмади, Берлин ва Пекиннинг яқинлашишини хоҳламаслигини билдириб қўйди, айниқса, Украина масаласидаги қарашлари яқин бўлиб чиқди.
АҚШ Киевга таъсирини йўқотиб қўйишдан хавотирга тушди.
Ана шундай вазиятга қарамай Хитой етакчиси Москвага бормоқчи.
Таҳлилчилар шу билан баробар “катта еттилик”нинг Бали оролидаги якуний ҳужжатида қораланган Россияни ҳимоя қилолмаганига эътибор қаратишди, унга ўз имзосини қўяди… Баҳорга бориб вазият ўзгариб қолишига умид қилаётгандир балки…
Путин-Цзиньпин суҳбати давомида Украина масаласи кўтарилмади, икки давлатнинг расмий хабарларида бу мавзу акс этмади. Экспертларнинг фикрича, бу мавзу икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда ҳалақит бермас экан.
Хабарларда давлат етакчилари ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларида ҳамкорлик қилишларига урғу берилди.
Яна муҳим факт шундаки, йил охирида АҚШ “Миллий мудофаа харажатлари тўғрисидаги қонун”ни қабул қилди ва Тайван ҳукуматига икки миллиард долларлик ҳарбий ёрдам учун маблағ ажратди…
Путин икки мамлакатнинг стратегик шериклиги “ўсиб бораётган геосиёсий танглик” шартларида “барқарорлаштирувчи омил” бўлишига ишонади.
Цзиньпин эса “мураккаб халқаро вазият даврида Россия билан стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш, мамлакатларимиз халқлари фаровонлиги ва бутун дунёда барқарорлик манфаатлари йўлида бир-биримизга амалий, глобал шерик бўлиш имкониятини яратишга тайёрмиз”, деб баёнот берди…
Корея ярим ороли яна нотинч…
Янги йилнинг илк куни Жанубий Корея Штаб бошлиқларининг бирлашган қўмитаси тизимида янги бўлинма – Ядро ва бошқа оммавий қирғин қуролларига жавоб бериш қўмондонлиги ташкил қилинди. Хабарларда унинг асосий вазифаси КХДРдан келаётган ядровий ракета таҳдидига жавоб беришдан иборат экани айтилди.
Дарҳақиқат, 2022 йилда ядро таҳдиди сезиларли ошди. Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Шимолий Корея ўтган йили рекорд даражада – 40 ракета учирди, улардан чамаси ўн бештаси янги, замонавий ракеталар эди. Охирги тўртта баллистик ракета 31 декабрь ва 1 январь кунлари учирилди.
26-31 декабрь кунлари Корея меҳнат партияси марказий қўмитасининг олтинчи пленуми давом этаётган пайтда мамлакат ҳарбий саноат мажмуаси жамоалари давлат раҳбарига ўттизта янги ракета ишлаб чиқилгани тўғрисида ҳисобот бердилар.
КХДР етакчиси Ким Чен Ин тактик ядро қуролини оммавий равишда ишлаб чиқариш зарурлиги тўғрисида гапира туриб, “Жанубий Корея, шубҳасиз душманга айланди”, деб таъкидлаб қўйди.
Оммавий ахборот воситалари президент севимли қизи Ким Чжу Э билан мамлакатнинг ракета базаларидан бирини зиёрати чоғидаги суратини чоп этишди.
Корея Республикаси 1953 йил июлда тугаган Корея урушидан буёғига шимолий қўшнисининг таҳдиди остида яшаб келади. Пхеньяннинг охирги таҳдидлари ва провокациялари Сеулни ҳаддан ташқари ташвишга солмоқда. Экспертларнинг якдил фикрича, Корея ярим оролида хавфсизлик билан боғлиқ вазият тобора ёмонлашиб бормоқда. Жанубга душман давлат, деб очиқ қараши шимолнинг жанговарлиги ошаётганидан далолатдир.
Ўтган йилнинг май ойида президент этиб сайланган Юн Сок Ёль Шимолий Кореяга нисбатан қаттиқ позицияда турмоқда. Аввалги давлат етакчиси Мун Чжэ Ином Пхеньянга нисбатан анча юмшоқ сиёсат юритганини эслашади экспертлар.
Юн Сок Ёль Сеул ва Вашингтон бундай таҳдидларга муносиб жавоб бериш учун АҚШнинг ядровий имкониятлари ёрдамида қўшма машқлар ўтказиш режаси тузаётгани хабарини берди.
КХДР етакчиси Ким Чен Ин “АҚШ ва Жанубий Корея бизни изоляция қилишга интилмоқда”, деб баёнот берди. Сиёсий таҳдид оҳангини баландлатиб, янги қитъалараро баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни тезлаштириш топшриғини берди.
Мутахассислар, шунингдек, Пхеньян узоқ масофали ракеталарни ташиш ва учиришга қодир биринчи сувости кемасини яратиш ишлари ниҳоясига етаётганидан огоҳлантиришмоқда. Бу технология ишга тушгач, Шимолий Корея ядровий кучларини кўп қиррали ва хавфли бўлишига ишора қилишмоқда.
Аксарият кузатувчилар яқин орада Шимолий Корея ядро қуролининг ерости синовини ўтказишини тахмин қилиб чиқишди. Аслида Пхеньян 2017 йилда бу ҳақда мораторий эълон қилган эди. Етинчи марта бундай синов ўтказилиши хабарини берган “The Korea Times” газетаси унинг Пхеньян билан боғлиқ учта муҳим воқеага бағишланишини санаб ўтди.
8 январда Ким Чен Ин, 16 февралда эса вафот этиб кетган отаси Ким Чен Ирнинг туғилган кунлари нишонланади ва 8 февралда Корея халқ армияси ташкил этилганига 75 йил тўлади…
Туркия, Сурия ва Россия…
Яқин Шарқда халқаро вазият пишиб етилмоқдаки, у минтақадаги кучларнинг жиддий ўзгаришига олиб келиши мумкин. Ўтган йилнинг охирида Москвада Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу воситачилигида Туркия ва Сурия мудофаа вазирликлари раҳбарлари – Хулуси Акар ва Али Маҳмуд Аббос ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Бу икки мусулмон қўшни давлат вазирларининг 11 йилдан кейинги илк учрашуви эди.
Яна Москванинг дипломатик саъй-ҳаракати билан Туркиянинг Миллий разведка ташкилоти раиси Ҳоқан Фидан ва Сириянинг махсус хизмат раҳбари Али Мамлюклар роса уч йил аввал Москвада, кейинги йилларда Яқин Шарқ мамлакатларида, ҳатто Сурияда ўзаро кўришиб олгандилар.
Дамашқ Анқаранинг таклифини бекорга қабул қилиш ишорасини бермади. Туркия Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Миср билан муносабатларни эски ҳолига қайтариш бўйича амалий ҳаракатларни бошлаб юборган.
…Расмий хабарга кўра, томонлар аввало Сурия зиддиятининг махфий жиҳатлари, қочоқлар ва “Сурия ҳудудида жойлашиб олган террорчи ташкилотларга қарши биргаликда кураш” масалалари муҳокама қилишган.
Экспертлар Акарнинг учрашув чоғида атайин айтган “Анқара қўшни давлатлар, хусусан, Сурия ва Ироқнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверен ҳуқуқларини ҳурмат қилади, бизнинг ягона мақсадимиз терроризмга қарши курашдир, бошқа ниятимиз йўқ”, деган баёнотига эътибор қаратишди.
Қатарнинг “Al Jazeera” телеканали “уч томонлама қўшма комиссия” тузишга келишиб олингани, унга Сурияга борадиган халқаро йўлларни очиш ва турк маҳсулотларига рухсат бериш масалаларини ҳал этиш вазифаси юкланганини қўшимча қилди.
Томонлар, шунингдек, суриялик қочоқларнинг ватанига қайтишига кўмаклашувчи қўшма амаллар ишлаб чиқишни ҳам кўриб чиққанлар.
Турк томони яна илгарилади – Россия, Сурия ва Туркия Ташқи ишлар вазирларининг учрашувини ташкил этиш, унда мавжуд можаросини ҳал этиш учун аниқ “йўл харитаси” ишлаб чиқишга чақирди.
Қоғозда енгил ўқиладиган, аммо тарозида оғир келадиган бу тадбирлар ўтказилгач, Туркия ва Сурия етакчиларининг музокаралари ҳақида аниқроқ гапириш мумкин бўлади. Бошқача айтганда, икки давлат ўртасида тинчликпарвар жараёнга йўл очилади.
Эътибор қилинса, бир муддат аввал юқорида зикр қилинган тадбирлар режасига “махфийлик” тамғаси уриларди. Бугун минтақада яқинлашиб келаётган ўзгаришлар ҳақида ошкора гапирилмоқда. Экспертларнинг таъкидича, Анқара ва Дамашқ ўртасидаги муносабатларнинг нормаллашмаси “Туркиянинг минтақадаги геосиёсий позициясига зиён бермайди”.
Тўғрисини айтиш керак бўлса, Туркия бугун тўртта фронтда, яъни Сурияда, Ироқ, Ливия ва ўз мамлакатининг жанубий-шарқий вилоятларида курд жангарилари билан кураш олиб бормоқда.
Янги йилнинг илк кунлари Оқ уйдан яна огоҳлантириш келди – Россия, Сурия ва Туркия вакиллари ўртасидаги уч томонлама бўлажак учрашув тўғрисида фикр билдирилди. “Биз иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимизга айни пайтда бундай муносабатларни нормаллаштириш ва яхшилаш учун фурсат пишиб етилмаганини етказиб қўймоқчимиз. Мамлакатлар Башар Асаднинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қайғули тарихини эслашлари керак”.
Аслида Туркия – Сурия муносабатлари йигирманчи аср бошиданоқ силлиқ кетмади: Усмоний салтанати инқирозга учрагач, ҳудудий талаблар ўртага чиқди, ҳамон Дажла ва Фират дарёлари тизимини назорат қилиш бўйича тортишувлар бор, “совуқ уруш” даврида давлатлар икки томонга тарафдорлик қилди, натижада бири НАТОга аъзо бўлди, бошқаси Совет иттифоқи қучоғига отилди.
Курд жангарилари етакчи Абдулла Ожалан 90-йилларда анча пайт Сурияда беркиниб юриб “фаолияти”ни давом эттирди, у Туркияга қайтариб берилмади…
Туркия бу йил катта синовлар олдида турибди: давлат раҳбари ва парламентга сайловлар ўтиши, халқнинг ишончини қозониш керак. Туркия Жумҳуриятининг 100 йиллигини муносиб кутиб олиш даркор. Бошқа томонда эса минтақавий муаммолар бисёр…
Назаримизда жиддий синов энди бошланмоқда. Океанорти, Ғарб ҳар ҳолда воқеалар ривожида томошабин бўлиб қолмаса керак…
Бугунча шу.
Келаси жумада хабарлашгунча!
Аброр Ғуломов, ЎзА сиёсий шарҳловчиси