Янги Зеландия Украинага гуманитар ёрдам сифатида 1,9 миллион доллар ажратади, деди ташқи ишлар вазири Нанаиа Маҳута.
“Янги Зеландия Халқаро Қизил Хоч қўмитаси орқали доимий ёрдам доирасида асосий гуманитар эҳтиёж нуқтаи назаридан украиналикларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 3 миллион доллар (ЯЗД) беради. Бунга тиббиёт анжоми ва жиҳозлари, электр таъминотидаги узилишни бартараф этиш учун трансформатор ва генератор, шунингдек, озиқ-овқат, сув, санитария ва гигиена воситалари каби ночор оилалар учун қишда зарур бўлган маҳсулотлар киради.
Маълумот ўрнида айтиш керак, Янги Зеландия қатор Ғарб давлатлари қатори Россия билан зиддиятда Украинани қўллаб-қувватламоқда. Ҳукумат Россия ва Беларусдаги 1200 дан ортиқ шахс ва ташкилотга қарши санкция жорий қилди. Ноябрь ойида ушбу Океания давлати Украина аскарларини тайёрлаш учун 66 нафар ҳарбий хизматчисининг Буюк Британияда қолиш муддатини 2023 йил ўртасига қадар узайтирди.
Аввалроқ Россия Украинага қурол етказиб бергани учун НАТО давлатларига нота юборган эди. РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина учун қурол бўлган ҳар қандай юк Россия учун қонуний нишонга айланишини таъкидлаб, НАТО Украинага қурол етказиб бериш орқали “ўт билан ўйнамоқда”, деди. РФ Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Украинага Ғарбдан қурол-яроқ етказиб бериш Россия-Украина музокараси муваффақиятига ҳисса қўшмаслиги, аксинча салбий таъсир кўрсатишини урғулади.
ЎзА