Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Туркия Республикаси Олий кассацияси суди Бош прокурори Бекир Шахин билан учрашди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасида бўлиб ўтган учрашув давомида Туркия делегацияси вакилларига Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Прокуратура органларининг фаолият йўналишлари, олиб борилаётган ишлар билан таништирилди.

Мулоқотда томонлар ўзаро манфаатли бўлган кенг қамровли масалаларни муҳокама қилди ва идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари бўйича фикр алмашди.

Учрашувда Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Туркия Олий кассация суди Бош прокуратураси ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.

Ушбу ҳужжат прокуратура органлари фаолият йўналишлари юзасидан илғор тажриба алмашиш орқали икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши таъкидланди.

Учрашув якунида Бекир Шахин идоралараро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун “Ўзбекистон Республикаси прокуратурасининг фахрий ходими” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Меҳмонлар учун Бош прокуратура музейига экскурсия ташкил қилинди.

Делегация аъзолари музейнинг суд-ҳуқуқ соҳасининг қадимги ва ўрта аср давридаги маълумотларидан бошлаб, Туркистон АССР, иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги йиллар, мустақиллик остонаси ҳамда ҳозирги давр тарихи билан танишди.

Бош прокуратура Академиясида эса делегация аъзолари ўқув даргоҳи фаолияти билан яқиндан таништирилди.

Туркия делегацияси аъзолари истиқлолимизнинг ўттиз йиллигига бағишлаб бунёд этилган ва атрофга кўрк бериб турган “Янги Ўзбекистон” боғига ҳам ташриф буюрди.

Туркия Республикаси Олий кассация суди Бош прокурори Бекир Шахин Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов, Олий суди раиси Козимжон Комилов билан ҳам учрашди.

Учрашувлар давомида ўзаро тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА