Франция президенти Эммануэль Макрон хорижий давлатлар, жумладан, Россия ҳам ижтимоий тармоқларда Францияга қарши хабарлар тарқатилишига ҳомийлик қилмоқда, деди.
«Ижтимоий тармоқларда нималар бўлаётганидан хабарим бор. Шуни таъкидламоқчиманки, Францияга қарши баёнотларни бераётган шарҳловчиларнинг кўпчилиги Россия ва бошқа давлатлар томонидан ҳомийлик кўрсатилаётган фаоллардир», деди у пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Макроннинг айтишича, ижтимоий тармоқдаги ушбу хабарлар Африкалик етакчиларга ҳам зарба бўлмоқда. Шу сабабли у ёлғон хабарлар тарқатилишига ва зўровонликларга ундовчи чақириқларга қарши кураш учун “қуролланиш” кераклигини таъкидлади.
Унинг маълум қилишича, “Малига сафари чоғида одамлар франциялик ҳарбийлар уларнинг хавфсизлигини таъминлаётганини кўраётганига гувоҳ бўлган, шунингдек, ёлғон хабарларни тарқатадиган сотиб олинган фаолларни ҳам учратган». «Шу боис, раҳбар сифатида бизнинг вазифамиз бундай чиқишларни қоралаш, журналист сифатида сизларнинг вазифангиз эса, ҳақиқатни айтиш», деди у журналистлар берган саволга жавоб берар экан.