МEНИНГ ФИКРИМ

Одам ато пайдо бўлгандан бери  тухум товуқдан чиқиб, «янгилик онасининг қорни»да пайдо бўлиб, мангуликлар қариб-тўзиб, уруғ барг чиқариб, ниҳол чиқариб, боғларга айланган.

Бу табиатнинг «айнимас» қонуни. Биз, ижод аҳли сўнгги пайтлари эски билан янгининг аросатида яшаётгандекмиз, ота-бола муаммоларига дуч келяпмиз. Неваралар ўспиринлик ёшидан ўтиб, жамиятимизнинг эртанги қадамини белгилаётган ёшга келиб қолган пайтда Ватанимизнинг тақдири ҳақида фикр айтмоқчи эдим.

Президентимиз ташаббуси билан ёшлардан ҳоким ёрдамчилари институтига  асос солинмоқда. Буни аслида ота-болалар ўртасидаги ҳаётий жараёнга қиёслаш мумкин. Биз масалани табиат ва жамият қонуниятлари асосида тушунмоғимиз керак. Менимча, ёшларнинг давлат ишларига аралашуви, уларнинг яхши ниятлар билан жадал ривожланиш жараёнига жалб этилаётгани қувончли.

Биз умримиз курашда ўтган авлод сифатида ўтмиш билан бугун, бугун билан эрта ўртасидаги зиддиятларга урғу беравермасдан, ёшларга эрк бердикми, уларнинг интилишларига мадад бўлмоғимиз лозим.

Гоҳида ота-боланинг мушоҳадаси «икки дунё» эканлиги ва «икки тильда гаплашиб», бир-бирига тушунмаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Мен саҳро одами сифатида  айтишим мумкинки, чўпонликнинг отадан болага ўтадиган заранг таёғи қўйларнинг қадрини биладиган чўпонга ўтсагина, қўйлар семириб, ўтлоқли ёйловларни топиб олади, поданинг бош сони ортиб, қўйлар ўзидан кўпаяди.

Қорақалпоқда «Неларни кўрмаган бобонгман», деган эскидан қолган тўлгов бор.

Октябрь революцияси бўлмаганида ўзинг, миллатинг, халқинг билан йўқ бўлиб кетишинг мумкин эди, деган қўрқув остида ўсган одамларнинг бири сифатида умримизда кўрмаган, монокультура асосида деҳқончилик қилдириб, оқин сувларни тўсиб, Оролимизни қуритган одамларни «ота» дея яшадик. Бутун дунё рақамлар революциясини амалга ошириб, миллиардлаб одамларни иш билан таъминлаб, борига рози ҳаётни таъминлаётган бир пайтда биз шунча ер усти ва ости бойликларига эга бўлатуриб, ўша бойликларни ҳаракатга келтириб, ўзимизни иш билан таъминлай олмаяпмиз.

Дунё доноликларида «ўтмишга саловот» деган тушунча ҳам бор. Биз эзгу ниятларни фақат тарихимиздан ёки четдан ахтариб, ўзимизга қулайини танлашимиз шарт эмас. Шу нуқтаи назардан, миллатчилик, маҳаллийчиликни ривожлантиришдан манфаатдор монополия, коррупция иллатларига қарши барчамиз бирлашиб, курашмоғимиз даркор. Ҳар жойдан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланишларга чек қўйиб, жамиятни олға бошлайдиган ғояларга эргашган маъқул.

Биз курашлардан иборат ҳаётдан чарчаган ва энди қариган пайтимизда тинч, невара-чевараларимиз билан ҳузур-ҳаловатга лойиқ авлодмиз ва шу мақсадда ўзимизнинг иссиқ курсимизни ёшларимизга ишониб топширган маъқул ва бунга имкон туғиляпти. Бу ҳозирги ёшларга ишонч ва уларни қўллаб-қувватлаш, зарур жойларда ақл-насиҳатларимизни аямаслик, лекин ёшларимиз ҳам давлат ва жамият юкларини кўтарадиган салоҳиятга эга бўлмоғи лозим. Айниқса, уларнинг билим савияси бошқалардан кам бўлмаслигини таъминлашимиз даркор. Яқинда қорақалпоқ тилининг «Усиликалик Алифбо»си чиқибди.  Бу китоб тўғрисида интернетнинг қорақалпоқ сегментида шов-шув бўлаётир. Биров бу хатонинг айбдори Нукус полиграф комбинатининг талон-торож этилгани, ҳатто  босма нашрларнинг Урганч ва Тошкентда чоп этилаётганидан кўрса, биров вазирлик ва нашриётларга ағдармоқда. Прокуратура одатдагидек жим. Ҳукумат одамлари бири-биридан айб топишга ҳаракат қиляпти. Хуллас, оммавий масъулиятсизлик жараёни пайдо бўлишига йўл қўйиб бўлмайди. Бу муаммоларни ақл-фаросат билан ҳал этиш мумкин.

Ўрозбой Абдураҳмонов,
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ
ёзувчиси