Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Фитосанитария талаблари енгиллаштирилиши муносабати билан “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 29-моддасига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунга фитосанитария маҳсулотларини импорт қилувчиларга енгиллик берилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда. Амалдаги тартибга кўра, хорижий мамлакатлардан олиб кириладиган карантин остидаги маҳсулотларни республикамиз ҳудудига киритиш учун Ўсимликлар карантини чегара пунктларида тадбиркордан экспорт қилувчи давлатнинг фитосанитария сертификати асл нусхасини кўрсатиш талаб этилади. Ушбу ҳужжат тақдим этилмаган тақдирда маҳсулотлар давлат чегарасида туриб қолиши, ортиқча харажатларнинг кўпайиши импортёр-тадбиркорларимизга қийинчилик туғдирмоқда.

Юқоридаги ҳолатлар фитосанитария маҳсулотларини олиб кириш талабларини янада соддалаштириш ҳамда миллий қонунчиликни халқаро амалиётга мувофиқлаштиришни тақозо этмоқда. Айниқса, хорижий мамлакатларда фитосанитария сертификати тақдим этилмайдиган маҳсулотларни мамлакатимизга олиб киришдаги тўсиқларни олиб ташлаш мақсадида амалдаги тартиб ва талабларни қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келмоқда.

Қонун лойиҳаси билан хорижий мамлакатларда фитосанитария сертификати талаб этилмайдиган ҳамда фитосанитар хавфи паст бўлган карантин остидаги маҳсулотларни хорижий мамлакатлардан олиб киришда фитосанитария сертификатини талаб этиш амалиёти бекор қилинмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фитосанитария талабларини енгиллаштириш орқали тадбиркорларга янада қулайликлар яратиш ва аҳолини зарур озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондиришга хизмат қилади.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА