Юртимиздаги маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш, диний ва маънавий меросни ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, муқаддас қадамжоларини обод қилиш муҳим.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан “Маданий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро тадқиқот маркази (ICCROM) Уставини (Рим, 2013 йил 29 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур масала юзасидан Маданий мерос агентлиги директори Баҳодир Абдукаримов маъруза қилди:

— ICCROM – таълим, ахборот алмашинуви, тадқиқот ва ҳамкорлик орқали жаҳон маданий меросини сақлаш билан шуғулланувчи ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади. Ушбу ташкилот 1959 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг бош қароргоҳи Рим шаҳрида жойлашган. Ҳозирги вақтда унга 142 та давлат аъзо. Мазкур халқаро ташкилот ўз ваколати доирасида ЮНЕСКО маслаҳатлашув органи ҳисобланади ва умумжаҳон маданий мерос объектларида амалга оширилиши мўлжалланган лойиҳаларни кўриб чиқишда, улар бўйича хулоса ва тавсиялар тайёрлашда кўмак беради.

Ўзбекистоннинг ICCROMга аъзо бўлиши ЮНЕСКОнинг техник ёрдами ва маблағларини кенгроқ жалб этиш, ҳар икки йилда бўлиб ўтадиган ICCROM Бош Ассамблеясида юртимизда маданий меросни сақлаш ҳолатини кўриб чиқиш ҳамда соҳада ўтказиладиган халқаро тадбирлар ва муносабатларда Ўзбекистон вакилларининг тўлақонли аъзо сифатида иштирок этиш имконини беради.

Шунингдек, миллий меросни жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилиш, адабиётлар яратиш, ёдгорликларни сақлаш ва тиклаш бўйича халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш, ёдгорликларни сақлаш бўйича тадқиқотларни йўлга қўйиш, мутахассисларнинг малакасини ошириш, халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда республикамиздаги соҳа ташкилотларининг фаолияти самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади, — деди Маданий мерос агентлиги директори.

Мажлисда бир қатор депутатлар сўз олиб, мазкур ташкилотга аъзо бўлиш Ўзбекистондаги маданий мерос обеъктларини асраб-авайлаш, реставрация ишларини янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида эътироф этди. Лойиҳанинг муҳимлиги инобатга олиниб, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА