Аҳоли бандлигини таъминлаш мунтазам эътибор қаратиб келинаётган энг долзарб масалалардан биридир. Парламент қуйи палатасининг мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасида бандлик хизматлари такомиллаштирилиши муносабати билан “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси айни йўналишга оид муҳим ҳужжатлардандир.

Қонун лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ўринбосари Раъно Турдибоева батафсил маълумот берди:

— Мазкур қонун лойиҳаси билан иш берувчининг бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни электрон шаклда юбориш шартлари белгиланмоқда. Ишдан ва иш ҳақи (меҳнат даромади)дан маҳрум бўлган шахсларга ишсизлик нафақаси миқдорини белгилаш шартларига аниқлик киритилиб, ишсизлик нафақасини тўлашни тугатиш ва тўхтатиб туриш учун асослар рўйхати кенгайтирилмоқда. Шунингдек, бандликни рағбатлантириш ва тадбиркорликка жалб этиш учун субсидиялар вазирлик ва идораларнинг мақсадли жамғармалари ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилиб, ссуда ажратиш ёки рад этишнинг асослари белгилаб қўйилмоқда. Қонун лойиҳасида ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари аниқ белгилаб берилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши иш берувчилар томонидан маҳаллий меҳнат органларига бўш (вакант) иш ўринларини тақдим этиш жараёнини соддалаштириш, бандлик хизматларини кўрсатишда амалдаги турли муаммоларни бартараф этиш ва бандликка кўмаклашиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади, — деди вазир ўринбосари.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда қабул қилинди.

 

Муҳтарама Комилова,

ЎзА