Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирсида 2021 йил ноябрь-декабрь ойларида 6 миллион 299 минг дона дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган эди.

Акция доирасида республиканинг шаҳар ва туман ҳудудларида 6 миллион 512 минг дона виргин арчаси, япон софораси, катальпа, ясень, жийда, тут, акация ва бошқа турдаги манзарали дарахт кўчатлари экилиб, белгиланган режа 103,4 фоизга бажарилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Алишер Каирбаевнинг таъкидлашича, қўмита томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини сифатли амалга ошириш, дарахтлар экиш ва кўкаламзорлаштириш ишлари назоратга олинган бўлиб, 2022 йил баҳор мавсумида 7 миллион 701 минг дона дарахт экилиши назарда тутилган. Шу тариқа кузги ва баҳорги мавсумда умумий экилган дарахтлар сони 14 миллион тубдан ортиши кутилмоқда.
Оролнинг қуриган тубида “яшил ҳимоя” ўрмонзорларини барпо қилиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси раиси ўринбосари Ернияз Акимниязовнинг таъкидлашича, бугунги кунга келиб Орол денгизининг қуриб қолган қисмида 1 миллион 600 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўлга чидамли ўсимликлар уруғ ва кўчатлари экилган. Мутахассислар ўрганишлари давомида бир йил олдинги ҳолатдан кейинги йилда кўпроқ саксовуллар кўкарган ҳолатини аниқлади. Бунинг сабаби саксовул уруғлари ўз унувчанлигини икки йил давомида сақлар экан ва ҳаттоки иккинчи йили ҳам юқори даражада кўкарувчанлик қобилиятини йўқотмас экан.

Олимлар ва тегишли мутахассислар ҳар йил уруғ ва кўчатдан экилган ўсимликларнинг ўсиб ривожланишини ўрганиб бормоқда. Мониторинг таҳлилларига кўра, чўл ўсимликлари 50-55 фоизгача кўкарган.

Е.Қаноатов, ЎзА