Эркин Воҳидов шеърияти жаҳоннинг кўплаб тилларига таржима қилинган. Бу шеърият теран фалсафий ғояси, бой мазмуни, ўқувчини мудом огоҳликка даъват этиши билан ҳам китобхон меҳрини қозонган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев икки йилча аввал Марғилонда атоқли шоир Эркин Воҳидовнинг музейи ва ижод мактабининг очилишида хонанда Озодбек Назарбековга кутилмаган бир таклифни илгари сурган эди:

«Улуғ шоиримизнинг «Инсон» қасидаси беназир асар. Уни бир қанча тилларга таржима қилиб, куйга солиб қўшиқ қилиб айтинглар. Ҳозир ҳам инсон ғояси қанчалар ноёб ва азиз эканлигини одамлар, ёшлар билсин».

Дарҳақиқат, устоз ижодкорнинг айниқса «Инсон» қасидаси 2020 йили турли тилларда БМТнинг нуфузли Саммити арафасида янграгани, бу – шеъриятнинг мангуликка дахлдор эканини дунёга яна бир бор намойиш этди.

Яратилганига қарийб эллик йил бўлган ушбу қасида ҳали ҳамон таржимонлар томонидан турли тилларга ўгирилиб, ўз жозибасини, долзарблигини қайта-қайта намоён этмоқда.

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг машҳур «Инсон» қасидаси рус ва инглиз тилларига ўгирилиб, яна бир бор  жаҳон шеърхонлари ҳукмига ҳавола қилинди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири, ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намоёндаси Эркин Воҳидовнинг туркум шеърлари рус ва инглиз тилларига таржима қилингани устоз ижодига бўлган қизиқишнинг яна бир  амалий намунасидир. Эркин Воҳидовнинг ижоди  Россиянинг бир қатор миллий адабий сайтлари, шунингдек Фейсбук ижтимоий тармоғи орқали жаҳон шеърияти мухлислари эътиборига ҳавола этилиб, чет эллик шеърхонлар томонидан илиқ кутиб олинди.

Эълон қилинган шеърлар орасида шоирнинг энг машҳур «Инсон» қасидаси, шунингдек  1956 йилда ёзилган «Камтарлик ҳақида», 1959 йилда битилган «Пўлат» шеъри ва бошқа шеърлари бор. Қисқа вақт ичида мазкур шеърлар Россия, Ҳиндистон, Бангладеш, Саудия Арабистони, Франция, Лотин Америкасининг бир қатор давлатлари шеърхонлари ҳурматига сазовор бўлди.

Шеърларни рус ва инглиз тилларига қирғизистонлик шоир ва таржимон Раҳимжон Карим ўгирган.

 

Н.Усмонова, ЎзА