Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма учинчи сессияси бўлиб ўтди. Видеоконференцалоқа тарзида ўтган сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, cектор ва соҳа раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессия кун тартибидаги дастлабки масала, яъни “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг (янги таҳрирда) лойиҳаси ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши кураш масалалари бўйича қўмита раиси З.Реймова баёнот берди. Сессияда “Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг лойиҳаси ҳақидаги масала кўриб чиқилди. Бу масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг депутати В.Қаленованинг баёноти тингланди.

Шунингдек, сессияда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга доир Давлат дастури асосида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси”нинг Мўйноқ туманидаги ижроси, Ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва уларнинг профилактика ҳолати тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ҳисоботи ҳақидаги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан депутатлар тегишли қарорлар қабул қилди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА