Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Душанбе шаҳрида “Корея Республикаси – Марказий Осиё” 14-ҳамкорлик форумида иштирок этди.
Анжуманда иқлим ўзгаришига қарши курашиш, яшил иқтисодиёт, углерод нейтраллигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш ва рақамлаштириш соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинди.
Тадбирда сўзга чиққан А.Комилов кун тартибидаги асосий масалалар бўйича мамлакатимиз нуқтаи назарини баён қилди. Хусусан, иқлим муаммоларига қарши курашиш соҳасида Ўзбекистон томони «яшил» кун тартибини илгари суриш ва иқлим ўзгариши жараёнини жиловлаш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди. Минтақа иқтисодиётининг углерод нейтраллигига эришиш бўйича келишилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш таклифи билдирилди.
Пандемияга қарши курашиш, жумладан, вакцина ишлаб чиқариш, эмланиш учун барчага бирдек қулай шароит яратиш, вакцинани адолатли тақсимлаш ва эмлаш сертификатларининг тан олинишини таъминлаш жараёнини изчил мувофиқлаштиришда давом этиш муҳимлиги қайд этилди.
Рақамлаштириш соҳасида тажриба алмашиш ва инновацион ишланмаларни алмашиш учун экспертлар ва ахборот технологиялари мутахассислари учун доимий платформа яратиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
2022 йил Корея Республикаси ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлишини инобатга олиб, ушбу муҳим санани биргаликда кенг нишонлаш дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Форум якуни бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Чон Ий Ён билан учрашув ўтказди. Икки томонлама муносабатнинг долзарб жиҳатлари, олий ва юқори даражадаги бўлажак тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.
Ташқи ишлар вазирлиги
матбуот хизмати