Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси, шунингдек, ушбу ҳужжат билан бирга тақдим этилган 2022–2024 йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.

Йиғилишда молия вазири Т.Ишметов ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Ш.Назаровнинг кун тартибидаги масалалар бўйича маърузалари эшитилди.

Давлатимиз раҳбари ҳузурида 2022 йил учун солиқ тушумлари ҳамда бюджет параметрлари юзасидан ўтказилган йиғилишда Президентимиз мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, одамлар ҳаётини яхшилаш бош мақсад этиб белгилангани, бу тамойиллар бюджетни шакллантиришда ҳам бош мезон бўлиши зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Парламентга тақдим этилган қонун лойиҳаси макроиқтисодий сиёсатнинг 2022 йил учун асосий йўналиш ва кўрсаткичлари пандемия давридан кейин иқтисодиётнинг тикланиши ҳамда бутун дунёда пандемия давом этиши эҳтимоли борлигидан келиб чиқиб шакллантирилган.

Бунда асосий эътибор макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга, яъни ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий динамикасини сақлаб қолган ҳолда, 839,9 триллион сўмни ташкил этиши ҳамда 6 фоизга ўсиши назарда тутилмоқда. Хусусан, саноат ишлаб чиқариши ҳажми 7 фоиз, қурилишда 8,1 фоиз, чакана товар айланмасининг ўсиш суръати 9,3 фоизга кўпайиши прогноз қилинмоқда.

2022 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 254,6 триллион сўмни, харажатлари 280,1 триллион сўмни ҳамда консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи миқдорида белгилаш таклиф этилмоқда.

Давлат бюджетининг харажатлари эса 188,9 триллион сўмни, давлат мақсадли жамғармалар харажатлари 58,7 триллион сўмни ташкил этади. 2022 йилда ҳам Давлат бюджет харажатларининг ярми ижтимоий соҳаларга йўналтирилиши белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасида бюджет соҳасига оид қатор ўзгартиришлар назарда тутилмоқда. Хусусан, иқтисодий ўсиш жараёнида тармоқлар ичидаги масалаларни тезкорлик билан амалга ошириш ва биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг ваколатини кенгайтириш мақсадида уларга ўзларининг қуйи ташкилотларига ўзларига ажратилган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларини 10 фоизгача Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан йўналтириш ҳуқуқи берилмоқда.

Шунингдек, маҳаллабай ишлашнинг янги тизими учун 2,5 триллион сўм маблағ кўзда тутилаётган бўлиб, ушбу маблағлар бевосита ҳоким ёрдамчилари томонидан тасарруф этилиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда “тиббиёт бригадалари” фаолиятини йўлга қўйиш учун қўшимча 20 мингдан ортиқ ўрта тиббиёт ходимлари штатларини сақлаш учун 451 миллиард сўм, Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда бошқа давлат ва хусусий тиббиёт муасассаларида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни бепул даволаниш (тиббий йўлланма) харажатлари учун 589 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Мажлисда қайд этилганидек, умумтаълим муассасаларини, мактабгача таълим ташкилотларини, соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирлари доирасида объектларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш харажатлари тегишли маҳаллий бюджетлардан амалга ошириш белгиланмоқда.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулияти ва манфаатдорлигини кучайтириш ва ваколатларини кенгайтириш мақсадида адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун ҳақ тўлаш, кўп квартирали уй-жой фондига туташ ҳудудларни таъмирлаш харажатлари ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимига кирувчи иссиқлик таъминоти ташкилотларининг иссиқлик тармоқлари ва қозонхона ускуналарини капитал таъмирлаш харажатлари маҳаллий бюджетларга ўтказилмоқда.

Шу билан бирга ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва кўп йиллардан бери аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш мақсадида 2022 йил 1 январдан бошлаб республиканинг барча туман (шаҳар)ларида тегишли бюджетларнинг тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизи, туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг камида 30 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш қонун билан мустаҳкамланмоқда.

Ахборотда қайд этилганидек, халқ вакиллари томонидан ўтган даврлар давомида давлат бюджети тўғрисидаги қонунларни қабул қилиш ва уларнинг ижроси бўйича ҳисоботларни кўриб чиқиш жараёнида билдирилган таклиф ва тавсиялар ҳам 2022 йилги бюджетномада ўз аксини топмоқда.

Хусусан, маҳаллий бюджетлар даромадларини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига ўтказиладиган тушумларга қўшимча тарзда тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғи бўйича тушумлар тўлиқ ҳажмда ўтказилиши белгиланмоқда. Консолидациялашган бюджет таркибида бюджетдан ташқари жамғармалар ҳам киритилмоқда.

Депутатлар тақдим этилган ахборотдан келиб чиқиб, ўз таклиф-тавсиялари ҳамда мулоҳазаларини билдирдилар. Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Якунда масъул қўмитага қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар асосида лойиҳани мутахассислар ва экспертлар иштирокида муҳокама қилиб, маромига етказиш топширилди.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА