Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонунининг қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

– Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан ишлаб чиқилган, –деди йиғилишда депутат Козим Тожиев. – Мазкур қонун лойиҳаси билан 6 та қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш ва қонун ҳужжатларини мувофиқлаштириш имконини беради.

Мажлисда қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилиб, тортишув ва баҳс-мунозаралардан сўнг иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинди.

Шунингдек, мажлисда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти бўйича Ички ишлар вазирининг ўринбосари Бекмурод Абдуллаев маъруза қилди. Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан тўғридан-тўғри амал қилувчи айрим қонун ва қонуности ҳужжатларини тизимлаштириш ва унификация қилиш белгиланмоқда.

Қонун лойиҳаси 8 та боб, 84 моддадан иборат. Унда ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий тушунчалари, турлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар ваколатлари, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда иштирок этувчи орган ва муассасалар ҳамкорлиги назарда тутилмоқда.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш фаолиятини мувофиқлаштириш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги ишларнинг самарадорлигини ташкил этиш борасида идоралараро комиссиялар фаолиятини ташкил этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда фаол иштирок этганларни рағбатлантириш тартиби белгиланмоқда.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА