Жорий йил февраль ва апрель ойларида ҳавонинг кескин совиб кетиши сабабли эртаги муддатда экилган сабзининг пишиши 20-25 кунга узайди.

Шу боис сабзининг мавсумий тўлиқ етилиш ва йиғиштириб олиш муддати июнь ойи охирига тўғри келди. Натижада сабзи экспорти ҳажми хорижий давлатларда ушбу қишлоқ хўжалиги маҳсулотига бўлган талаб ва харид нархларининг ўсиши оқибатида сезиларли даражада ошди. 2021 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, жами 50,5 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан 17 фоиз кўп сабзи экспорт қилинди. Экспорт қилинган сабзининг 65 фоизи апрель-июнь ойлари, яъни эртапишар сабзи мавсумига тўғри келди.

Мамлакатимизнинг қулай иқлим шароити туфайли сабзидан йилига 4 марта ҳосил олиш мумкин. Соҳа мутахассислари маълумотига кўра, 2021 йилда 124,4 минг гектарга (ўтган йилга нисбатан 18,2 минг гектарга кўп) сабзи экиш ва жами 2,3 миллион тонна ҳосил олиш режалаштирилган.

Аҳолининг йиллик талаби 800 минг тоннани ташкил этади. Тиббий меъёрларга кўра, бир инсоннинг йиллик эҳтиёжи тахминан 20 килограмм. Истеъмол саватчасидаги сабзи маҳсулотининг улуши 0,4 фоиз ҳисобланади. Етиштирилган сабзининг қолган қисми экспорт қилинади ва қайта ишланади.

Айни пайтда ҳосилнинг асосий қисми ички бозор эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилмоқда. Аҳоли учун «даладан истеъмолчигача» тамойили асосида арзонлаштирилган ярмаркалар ишга туширилди. Уларда сабзи ва бошқа асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари шундоқ даланинг ўзидан бозорга олиб келингани сабаб паст нархларда сотилишига эришилди. Сабзи нархини барқарорлаштиришга қаратилган тегишли чора-тадбирлар натижасида айни пайтдаги маҳсулот нархи июнь ойи билан таққослаганда 4-5 баробаргача пасайиши кузатилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги прогнозларига кўра, 2022 йил баҳорида кутиладиган янги ҳосилга қадар нархлар шу даражада сақланиб қолади.

Аҳолининг озиқ-овқатга бўлган талабини қоплаш ва экспорт ҳажмини ошириш учун экин майдонлари кенгайтирилиб, юқори ҳосилли навларни экишга эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, суғориш технологияларидан унумли фойдаланилиб, касаллик ҳамда зараркунандаларга қарши ўз вақтида кураш чоралари амалга оширилди. Бу каби тадбирлар жорий йилда сабзининг ўртача ҳосилдорлигини гектаридан 20-25 тоннадан 30-40 тоннагача ошириш имконини берди. Шу тариқа 1 килограмм сабзининг таннархи фермер хўжаликларида 700-800 сўмгача арзонлашди.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА