Австрия Республикаси Европа ва ташқи ишлар вазири Михаил Линхард бошчилигидаги делегация 7-8 ноябрь кунлари мамлакатимизда бўлди.

Ташрифнинг биринчи куни делегация аъзолари Самарқанд шаҳрида бўлиб, тарихий-меъморий обидалар билан танишди.

8 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири А.Комилов М.Линхард бошчилигидаги Австрия делегацияси билан учрашди.

Мулоқотда сўнги йилларда Ўзбекистон билан Австрия ўртасидаги конструктив ҳамкорлик янги босқичга чиққани қайд этилди. Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги алоқаларни фаоллаштиришга тайёр эканини билдирди. Шунингдек, Афғонистонда юзага келаётган вазият, унинг минтақавий ва халқаро барқарорликка таъсири юзасидан фикр алмашилди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Австрия Республикаси Европа ва ташқи ишлар вазирлиги ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.

Музокара якунида оммавий ахборот воситалари вакилларига учрашув тафсилотлари ҳақида қисқача маълумот берилди.

– Ўзбекистон билан ҳамкорлик суръатидан мамнунмиз. Ўйлайманки, буни янада ошириш учун салоҳият етарли. Мамлакатингизга Австриянинг етакчи ишбилармонлари билан келдик. А.Комилов билан учрашувда барча соҳадаги масалаларни муҳокама қилдик. Афғонистондан фуқароларни эвакуация қилишда берилган кўмак учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирамиз, – деди Европа ва ташқи ишлар вазири М.Линхард.

Шу куни пойтахтимизда Ўзбекистон – Австрия бизнес форуми бўлиб ўтди. Форумда мамлакатимизнинг ишлаб чиқариш ва инвестиция салоҳияти, хорижлик инвесторларга яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов австриялик ишбилармон доира вакиллари билан қатор йўналишларда ҳамкорлик кенгаяётганини таъкидлади.

Мамлакатларимиз ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 2017 йилга нисбатан 40 фоизга ошиб, қўшма корхоналар сони анча кўпайган. Форумда Австрия томони энергетика, кимё ва нефть-газ каби соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирди.

Форум 12 ноябргача давом этади. Унда Австриянинг 30 дан ортиқ компанияси иштирок этмоқда. Тадбирда хусусий секторни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади, тренинг ва музокаралар ўтказилади. Якунда қўшма инвестиция лойиҳалари ва келишувлар имзоланади.

Австрия делегацияси Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ҳам бўлиб, муассаса фаолияти, бу ердаги ноёб қўлёзмалар билан танишди.

 

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА