Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси олдидан қўмиталар йиғилишлари бўлиб ўтди.

Хусусан, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ва “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунлар ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатилиши ва бошқарув компаниялари фаолияти самарадорлиги бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборот дастлабки тарзда муҳокама этилди.

Таъкидлангандек, жорий йил ўтган даврида қабул қилинган фармон ва қарорлар, тасдиқланган дастурлардаги вазифалар ижроси ўз навбатида қўшимча молиялаштириш манбаларини талаб этмоқда. Шу мақсадда 2021 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга, давлат мақсадли жамғармалари ҳамда республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари бўйича ўзгартиш киритилмоқда.

Хусусан, инвестиция дастурлари учун 6 триллион сўм, айрим муассасаларга киритилган қўшимча штат бирликларини молиялаштириш учун 1,4 триллион сўм ва мудофаа ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни сақлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш харажатларига 1,4 триллион сўм ажратилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, жорий йилда коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун режалаштирилган 3 триллион сўм маблағлар тўлиқ ишлатилганлиги туфайли қўшимча маблағ захирасини яратиш учун 1,3 триллион сўм ажратилади.

Қонунда давлат-хусусий шериклиги асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда болалар қамрови ортганлиги сабабли 1,1 триллион сўм қўшимча субсидия ажратиш, шунингдек, “Янги Андижон” шаҳарчасини барпо этиш ва вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш учун 1,3 триллион сўм маблағ йўналтириш назарда тутилган.

Шу билан бирга, қонун билан ушбу қўшимча харажатларни қоплаш манбалари ҳам белгилаб берилмоқда.

Мажлисда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг кўп квартирали уй-жойларга хизмат кўрсатилиши ва бошқарув компаниялари фаолияти самарадорлиги бўйича олиб борилаётган ишлари юзасидан ахбороти эшитилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА