Нукусда Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва “Нукус дехқон бозори” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда “Ёш деҳқон маҳсулотлари” агро ярмаркаси ташкил этилди.
Очилиш маросимида таъкидланганидек, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида келажак авлодни тарбиялаш, етук кадрларни тайёрлаш, ёшларнинг соҳада бандлигини таъминлаш ва шу орқали уларнинг соҳада улушини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада мамлакатимизда “Учинчи Ренессанс” пойдеворини барпо этиш йўлида ёшларимиз ўз олдига катта мақсадларни қўйиб, уларга эришишлари учун кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш – барчамиз учун энг устувор вазифа ҳисобланади. Шу сабабли сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли, шу жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлашга зарурати бўлган хотин-қизлар ва ёшларга давлат томонидан манзилли кўмаклашиш бўйича мутлақо янгича тизим жорий қилинди.
Бу йўналишда ҳар бир шахс билан индивидуал ва тизимли равишда мунтазам иш олиб бориш, билим ва касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёжи бўлган ёшларга моддий ёрдам бериш мақсадида “Ёшлар дафтари” ҳаётга тадбиқ этилди. Унга киритилган ёшларни даромад манбаи билан таъминлаш учун “Ҳар бир ёшга – бир гектар” тамойили асосида ер майдонларини ижарага ажратиб бериш орқали бандлигини таъминлашга эришилди.
Агро ярмаркада “Ёшлар дафтари”га киритилиб, “Ҳар бир ёшга – бир гектар” тамойили асосида ер майдони ажратилган 80 нафар ёш деҳқон ўзлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан иштирок этди.
– “Ҳар бир ёшга – бир гектар” тамойили асосида бизга 20 сотих ер майдони ажратиб берилди, – дейди Элликқалъа тумани “Пахтачи” маҳалла фуқаролар йиғинидан Д.Рӯзимов. – Дастлабки маҳсулотимизни бугунги ярмаркага олиб чиқиб сотаяпмиз. Экин майдонидан бу йил 4 тонна сабзи етиштиришни режалаштираяпмиз.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА