Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги 75-сессиясида «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолюцияси ва унда белгиланган устувор вазифаларнинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йил 29 июлда «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида»ги қарор қабул қилинган эди. Унинг ижросини таъминлаш борасида Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда? Бу ҳақида мазкур институт директори, қишлоқ хӯжалиги фанлари номзоди Бекмурат Турдишев ӮзА мухбири билан суҳбатда батафсил маълумот берди.

– Махсус резолюцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бӯйича қабул қилинган “Йӯл харитаси”да Оролбўйи ҳудудида яратилган маҳаллий тупроқ-иқлим шароитига мос қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг экин майдонларини кенгайтириш белгиланган,–дейди Б.Турдишев. – Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун судан ўтининг “Чимбайская юбилейная” нави уруғчилигини ташкил этиш ва қишлоқ хўжалигига жорий этиш топшириғи ижроси юзасидан институт олимлари томонидан ишлаб чиқилган “Судан ўти (Sorghum sudanse Piper) ва жўхори (sorghum saccharatum L.) навларини бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ҳамда плантациясини яратиш” мавзусидаги инновацион лойиҳа ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳа  Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган 2022-2023 йилларга мўлжалланган амалий ва инновацион лойиҳалар танловининг 51-турида иштирок этиш учун тақдим этилди ва рўйхатдан ўтказилди.

Шунингдек, 2021 йилда институт Ем-хашак экинлари селекцияси уруғчилиги лабораторияси экин майдонида судан ўтининг “Чимбайская юбилейная” навининг 400 килограмм оригинал супер элита уруғлиги тайёрланди. Шу асосда келгусида институт тажриба хўжалиги экин майдонларида навнинг бирламчи уруғчилиги ташкил этилади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2020 йил 3 декабрь куни илм-фан ва инновацияни ривожлантириш борасида олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар олдидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши баёнининг 3 бандида озуқабоп экинларнинг янги навларини яратиш топшириғи берилди. Ушбу топшириқнинг ижросини таъминлаш мақсадида институт олимлари томонидан “Оролбўйи шароитида ем-хашак экинларини шўрга чидамли ва юқори ҳосилдор маҳаллий навларини яратиш” мавзусидаги амалий лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳа Инновацион ривожланиш вазирлигининг амалий ва инновацион лойиҳалар танловига тақдим қилиниб, илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида 2021-2022 йилларда бажариладиган амалий лойиҳалар танлови ғолиби деб топилди. Ҳозирда ушбу лойиҳа бўйича тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсади, Оролбўйи шўрланган тупроқ шароитида жўхори, африка қўноғи, судан ўти маҳаллий ва хорижий коллекцияси ўрганиш ҳамда хусусиятини аниқлаш ҳисобланади. Ҳудуд тупроқ-иқлим шароитига мослаштириш, янги дурагайларни ӯрганиш асосда худуднинг иқлим ва тупроқ шароитига мос янги маҳаллий шўрга чидамли, эртапишар, вегетация даври 100-110 кун ва ўртапишар 120-130 кун бўлган, юқори сифатли ва ҳосилдор навлар яратилади ва Давлат нав синаш комиссиясига тақдим этилади.

Кутиладиган натижа эса лойиҳа якунида судан ўтидан 1 та, жўхоридан 2 та ва африка тариғидан 2 та янги маҳаллий нав яратилиб, Ўзбекистан Республикаси Қишлоқ хўжалиги экинлари нав синаш комиссиясига тақдим этилади ва Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига ихтирога талабнома ёзилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Қорақалпоғистон Республикасида Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларини чорвачиликка ихтисослаштириш, ушбу ҳудудларда замонавий чорвачилик комплексларини ишга тушириш, чорва моллари учун озуқа ишлаб чиқаришни тизимли олиб бориш, озуқабоп экинларни серҳосил янги маҳаллий навларини яратиш, уруғчиликни ташкил этиш, уруғини тизимли етказиб беришни ташкил этиш мақсадида озуқабоп экинларнинг маҳаллий янги навларини яратиш, бошланғич уруғчилигини йўлга қўйиш, ихтисослашган уруғчилик хўжаликларини ташкил этиш вазифалари қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг2020 йил 24 августдаги “Қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини қайта тиклаш ва уларнинг оригинал уруғчилигини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида жаҳон амалиётида кенг қўлланилаётган замонавий усул ва технологиялардан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларининг йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга маҳаллий навларини қайта тиклаш ва худудларда истиқболли навларнинг   оригинал уруғчилигини ташкил этиш вазифалари қўйилган.

Ушбу қарорлар ва топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан ҳозирги вақтда Қорақалпоғистон Республикасида чорвачиликни ривожлантириш муаммосини тўла ечиш, чорва молларига мустаҳкам ем-хашак базасини яратиш учун юқори озуқа бирлигига эга ем-хашак экинларининг серҳосил навларини уруғчилик тизимини яратиш ўта долзарб масалага айланди. Шу асосда ем-ҳашак экинлар навларининг (беда, маккажӯхори, жӯхори, судан ўти ва африка тариғи) дастлабки уруғчилигини институт тажриба хўжалигида ташкиллаштириш бўйича амалий ва инновацион илмий лойиҳалари ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинган илмий-техник лойиҳалар танловининг 39 турига “Оролбўйи шароитида беданинг “Қорақалпақ-15” навининг  навдорлигини яхшилаш ва бирламчи уруғчилигини ташкил этиш” мавзусидаги 2022-2023 йилларга мўлжалланган амалий лойиҳаси тақдим этилиб, илмий-техник кенгашда муваффақиятли ҳимоя қилинди ва молиялаштириш учун Инновация вазирлигининг ҳайъатида кўриб чиқилмоқда. Лойиҳада институт олимлари томонидан яратилган, йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб белги ва хусусиятларга эга беданинг маҳаллий “Қорақалпоқ-15” навини қайта тиқлаш, навдорлигини яхшилаш ва бирламчи уруғчилигини ташкил этиш вазифаси қўйилган.

Шунингдек, институт тажриба хўжалигида ем-хашак экинларининг хорижий ва маҳаллий коллекцион нав намуналарининг бирламчи уруғчилигини ташкил этиб, супер элита ва элита уруғликларини етиштириш ва юқори сифатли уруғликларни чорвачиликга ихтисослашган агрокластер ва фермер хўжаликларига тақдим этиш ишлари олиб борилмоқда.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА