Жорий йилнинг 6-8 октябрь кунлари пойтахтимиздаги “Анҳор-Локомотив” истироҳат боғида “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари” ўн учинчи Марказий Осиё халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.

Бугун “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компаниясида ўтказилган матбуот анжуманида “CAITME” халқаро кўргазмаси директори Гуллола Нодирхонова мазкур халқаро тадбирнинг ташкил этилиши ва унинг иштирокчилари ҳақида маълумот берди.

Таъкидланганидек, ушбу кўргазма тўқимачилик, трикотаж, тикувчилик ишлаб чиқариши учун асбоб-ускуналарнинг замонавий технологик ишланмалари ва намуналари билан яқиндан таништиришга хизмат қилади.

– Кўргазмада дунёнинг 12 мамлакатидан юздан ортиқ компания иштирок этиши кутилмоқда, – деди Г.Нодирхонова.

– Жумладан, улар орасида Австрия, Германия, Ҳиндистон, Испания, Италия, Қозоғистон, Хитой, Россия, Туркия, АҚШ, Швейцария каби давлатлардан ишлаб чиқарувчилар бор. Аниқроқ айтадиган бўлсак, қатнашувчиларнинг 78 фоизи хорижий, 22 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарувчилардир.

Масалан, биргина Туркиядан 44 компания замонавий трикотаж ва қуритиш машиналари, пардозлаш, бўяш ва лаборатория ускуналари, матоларни узлуксиз ювиш учун дастгоҳлар, тўқимачилик қозонлари ва горелкалар, шунингдек, назорат-ўлчов техникаси, компрессорлар, гидравлик қурилмалар ва бошқа кўплаб маҳсулотларни намойиш этади.

Аҳамиятли жиҳати, кўргазмада илк бор Испания компаниялари қатнашади. Унда мазкур давлатнинг еттита саноат ишлаб чиқарувчилари уюшмаси (AMEC) хом ип ва халқасимон калава ғалтаклари, босма ва чийратиш машиналари, дастгоҳ ва пардозлаш ускуналарини тақдим этади. Шунингдек, доимий иштирокчилар қаторида дебютантлар ҳам бу галги кўргазмага ўзига хос янгиликлари билан ташриф буюрган.

Эслатиб ўтамиз, “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари” ўн учинчи Марказий Осиё халқаро кўргазмаси “Iteca Exhibitions”, “ICA Eurasia” халқаро кўргазма компаниялари томонидан ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ҳамда Савдо-саноат палатасининг расмий кўмагида ташкил этилмоқда.

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири