Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Мажлисни Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низомхўжаев олиб борди.

Мажлис кун тартибидан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олиш масалалари жой олди.

Қайд этилганидек, Марказий сайлов комиссияси 11-14 сентябрь кунлари барча сиёсий партиялардан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олган эди. Сайлов кодексининг 43-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ўн беш нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли. Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, сайлаш учун ташвиқот олиб боради, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда номзоднинг манфаатларини ифодалайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакиллари унинг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади, Марказий сайлов комиссияси уларга тегишли гувоҳномалар беради. Шундан келиб чиққан ҳолда мажлис давомида Ўзбекистон Экологик партиясидан Обломурадов Нарзулло Наимович, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Қодиров Алишер Келдиевич, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Варисова Максуда Азизовна, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимович ва Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Мирзиёев Шавкат Миромоновичнинг ишончли вакиллари рўйхатга олинди.

– Номзод сайловга қадар ўз ишончли вакилини тегишли сайлов комиссиясига маълум қилган ҳолда исталган вақтда ваколатидан маҳрум қилиши ва уни бошқаси билан алмаштириши мумкин, – дейди Марказий сайлов комиссияси аъзоси Орзигул Қозихонова. – Ишончли вакил исталган вақтда ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишга ҳақли. Ишончли вакил сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас. Номзодлар ишончли вакилларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасидаги сафар харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланади. Ишончли вакилга сайловолди ташвиқоти даврида ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек, пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш, нотўғри ахборотни, шунингдек, номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш таъқиқланади.

Шу билан бирга, сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан бир кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш (ҳаммага маълум қилиш), шу жумладан, ахборот тармоқларига, шунингдек, интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш тақиқланади.

 

 Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА