Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида 13 сентябрь куни Россиянинг Қозон шаҳрида ўтказилган 1-МДҲ ўйинларида муносиб иштирок этган Ўзбекистон спорт делегацияси тантанали кутиб олинди.
Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, жисмоний тарбия ва спорт тизими ходимлари, маданият ва санъат намояндалари, спортчиларнинг ота-оналари қатнашди.
Татаристон пойтахтида 4-11 сентябрь кунлари катта ҳаяжон билан ўтказилган Ҳамдўстлик ўйинларида ғалабага бўлган кучли иродани намойиш қилиб, Янги Ўзбекистон шон-шуҳратини улуғлаган спортчиларимизга, уларнинг мураббийларига гуллар тақдим этилди.
1-МДҲ ўйинларида 150 нафардан зиёд спортчимиз 16 та спорт тури бўйича иштирок этган бўлса, шуларнинг 100 нафарга яқини шоҳсупага кўтарилди. Уларнинг муваффақияти шарафига Ўзбекистон байроғи сарбаланд бўлди. Илк бор ташкил этилган ўйинларда Ўзбекистон спортчилари умумжамоа ҳисобида 2-ўринга сазовор бўлди. Қўлга киритилган 91 та медаллар жамланмасининг 23 таси олтин, 32 таси кумуш ва 36 таси бронза экани назарда тутилса, бу ғалабаларга Ватанни севишдек муқаддас туйғуга собитлик, матонат ва шижоат эвазига эришилгани кўнгилда ифтихор ҳисларини жўш урдиради.
Ҳамдўстлик ўйинларининг қаҳрамонларини кутиб олиш маросимида давлат ва жамоат арбоблари, спорт фахрийлари, ота-оналар, зиёлилар Татаристон пойтахтида ўтган мусобақаларнинг аҳамияти, умидли спортчиларимизнинг зафарли ғалабалари ҳақида тўлқинланиб гапирди. Бундай мусобақалар спортчиларимиз учун келгусидаги нуфузли турнирлар, қитъа ва Олимпия ўйинларида юксак ғалабаларни қўлга киритишда пойдевор вазифасини ўташи таъкидланди.
Қозон ўйинлари тарихга айланди. Унинг натижаларини таҳлил қилиш, керакли хулосалар чиқариш ва кейинги спорт ўйинлари учун режаларни белгилаш мутахассисларга ҳавола.
Ватан шаънини халқаро майдонларда улуғлаш туйғуси оммавий спорт мусобақаларида шаклланади. Шу маънода, Қозон мусобақаларида баҳслашган ёш спортчиларимиз соғлом турмуш тарзи тарғиботчиларидир.
1-МДҲ ўйинларининг ғолиб ва совриндорларини кутиб олиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Абдуҳакимов, Б.Мусаев иштирок этиб, ёш спортчиларга келгуси нуфузли мусобақаларда омадлар тилади.
МДҲ ўйинларида олтин медаль олган спортчиларга давлатимиз томонидан 25 миллион сўм, кумуш медалга сазовор бўлганларга 15 миллион сўм, бронза медални қўлга киритганларга 10 миллион сўмдан пул мукофоти белгиланган эди. Маросимда спортчилар, уларнинг мураббийларига ушбу пул мукофотлари топширилди.
Аэропортда зўр шодиёна билан кутиб олинган спортчилар делегацияси юрт байроқлари билан безатилган автобуслар карвонида Тошкент кўчалари бўйлаб ҳаракатланиб, ғолиблик маршини ўтказишди. Музаффар спортчиларимизни минглаб ёшларимиз, жамоатчилик вакиллари олқишлаб қаршилади.
Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА