Мамлакатимизда 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тобора яқинлашгани сари ушбу сиёсий тадбирга тайёргарлик ишлари ҳам қизғин тус олмоқда. Миллий сайлов қонунчилигимизда белгиланган тартиб-қоидалар асосида мавжуд сиёсий партиялар сайловолди тадбирларини амалга оширмоқда.

Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг навбатдаги қурултойи бўлиб ўтди. Унда партиянинг VII пленуми қарорига асосан делегат сифатида белгиланган партия сиёсий кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Марказий назорат-тафтиш комиссияси аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари вакиллари, шунингдек, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Қурултойда Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳамда партиядан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастури тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

“Адолат” социал-демократик партияси ҳам республикамиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимизга янада тўкис, фаровон турмуш шароитларини яратиш, мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, маънавий соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этишни мақсад қилган сиёсий куч сифатида ушбу сайловда муносиб иштирок этишга бел боғлаган. Партия сиёсий кенгашининг жорий йил 5 август куни бўлиб ўтган VII пленумида партиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидаги иштироки ҳақида қарор қилинган эди. Шундан кейин партия томонидан тақдим этилган тегишли ҳужжатлар Марказий сайлов комиссиясида кўриб чиқилиб, сайловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди.

Қурултойда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 90-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 37 ва 62-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод кўрсатиш тўғрисидаги масала қизғин муҳокама қилинди. Делегатлар эътиборига Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси Баҳром Абдураҳимович Абдуҳалимовнинг номзоди тавсия этилди. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси ўринбосари, партиянинг ваколатли вакили Абдукамол Раҳмонов партия сиёсий кенгашининг раиси, номзод Баҳром Абдуҳалимов ҳақида қисқача маълумот берди. Таъкидланганидек, Баҳром Абдуҳалимов олим, илм-фан фидойиси, сиёсатчи ва раҳбар сифатида ўз ўрнига эга, партия тизимидаги ўндан ортиқ ҳаётий лойиҳаларни амалга оширишда бош-қош бўлмоқда.

Мазкур масала юзасидан сўзга чиққанлар номзодни қўллаб-қувватлаб, барча делегатларни номзодга овоз беришга чақиришди. Делегатларнинг барчаси овоз беришда иштирок этди ва Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан  Баҳром Абдуҳалимов номзоди маъқулланди.

Шундан сўнг номзод Б.Абдуҳалимов ўз сайловолди дастурининг мақсад ва вазифалари, устувор йўналишларини қурултой қатнашчиларига маълум қилди.

Номзоднинг сайловолди дастури кўп қиррали бўлиб, қатор ҳаётий мақсад-вазифалар ўрин олган. Жумладан, давлат ҳокимияти бошқаруви йўналишида фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларини, эркин сўзлаш ва фикр билдириш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оммавий ахборот воситалари ходимлари, шу жумладан, журналист ва блогерларнинг ҳуқуқий мақомини халқаро андозалар даражасига кўтариш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, маҳаллий ҳокимларни сайлаш тизимини жорий этиш ва ҳокимларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари раислари лавозимида ўтиришига чек қўйиш, коррупциянинг барча кўринишлари учун қаттиқ жазо чораларини қўллаш масалаларига алоҳида ўрин ажратилган.

Партия номзоди адолатлилик ва суд-ҳуқуқ йўналишида ҳам муҳим масалаларни илгари сурмоқда. Жумладан, шахс дахлсизлиги, шахсий дахлсизлик, мулк дахлсизлиги, турар жой дахлсизлиги, наботот ва ҳайвонот олами дахслизлиги тамойилларига қатъий риоя этилишини таъминлаш, жиноятчиликка, шу жумладан, давлат мулкини ўзлаштиришга, порахўрликка, таъмагирлик, зўравонлик, экстремизм ва терроризмга қарши муросасиз курашиш, ҳар қандай кўринишдаги “самосуд” учун қатъий жазо белгилаш таклифлари ўз ифодасини топган. Номзод адолатсиз жарималарни қайта кўриб чиқиш, жарималар биринчи навбатда халқнинг реал даромадига мутаносиб бўлиши лозим, деб ҳисоблайди.

Шунингдек, сайловолди дастурда ягона тергов органи – Тергов қўмитасини ташкил этиш ва шу  орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликларини халқаро талаблар доирасида таъминлаш каби масалалар кўзда тутилган.

Ижтимоий йўналишда ходимни эксплуатация қилишга қарши кескин курашиш, ҳар бир инсонни ҳаммабоп ва ҳамёнбоп уйлар билан таъминлаш, уй-жойларнинг нархини кескин камайтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муниципал уйлар билан таъминлаш, пенсиядаги юқори чекловларни бекор қилиш ва ҳар кимнинг меҳнатига, олган маошига ва ижтимоий тўловларига яраша пенсия таъминотини йўлга қўйиш мақсадлари илгари сурилмоқда.

— Партиямиз номзодининг сайловолди дастурида таълим, илм-фан соҳаларига алоҳида эътибор қаратилган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, қурултой делегати Дилмурод Исмоилов. — Хусусан, мактабгача таълимнинг сифат ва самарадорлигини юқори даражага кўтариш, боғчаларга болаларни уч ёшдан эмас, икки ёшдан бошлаб, ҳеч қандай навбатларсиз юз фоиз қамраб олиш, умумий ўрта таълимнинг янги стандартларини яратиш, аъло баҳолар билан ўқиган иқтидорли кам таъминланган ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаш мақсадлари белгиланган. Олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қилиш ва рейтинги юқори бўлган талабаларнинг бепул олий таълим олишини кафолатлаш тарафдоримиз. Шунингдек, сайловолди дастурда таълим тизимида кечаётган тарқоқликлардан, қарама-қаршиликлардан воз кечиш ва узвийликни таъминлаш учун Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларини ягона – Таълим вазирлигига айлантириш масалаларига эътибор қаратилган.

Шунингдек, дастурдан олимларни, ҳар қандай ихтиро ва ихтирочиларни қўллаб қувватлаш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича “Миллий дастур” яратиш, дори-дармон спекуляциясига чек қўйиш, тарихий қадриятларимизга асосланган “Жамиятда юриш-туриш, одоб-ахлоқ қоидалари” кодексини яратиш, буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасида тузиладиган шартномани қудратли ҳуқуқий воситага айлантириш ва бу жараёнга ҳокимият аралашувига чек қўйиш, ундириладиган барча тўловларни (жарималар, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий ундирувлар) тўлалигича давлат бюджетига йўналтириш, сифатсиз маҳсулот чиқариш ҳамда нарх-наволарни сунъий кўтаришга қаратилган хатти-ҳаракатлар учун кучайтирилган жазо чораларини қўллаш каби масалалар ҳам ўрин олган.

Қурултойда номзоднинг сайловолди дастури, ундан ўрин олган барча масалалар делегатлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди. Партия фаоллари — Олий Мажлис Сенати қўмитаси раиси Наримон Умаров, Сенат қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳаммедова, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори, профессор Ботир Даминов, партия вилоят кенгашлари раислари ва бошқалар номзоднинг дастурида илгари сурилаётган барча мақсад-вазифалар ҳаётийлиги, долзарблиги, адолатлилик ва қонунийлик принципларига таянилгани билан ажралиб туришини эътироф этди

Муҳокамалар жараёнида Президентликка номзоднинг сайловолди дастурини халқимиз онгу шуурига етказиш партия фаоллари олдида турган муҳим масала эканлиги қайд этилди.

Қурултой якунида кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шундан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод  Баҳром Абдуҳалимов журналист ва блогерларнинг саволларига жавоб қайтарди.

 

Муҳтарама Комилова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА