Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф. Маманов бошчилигидаги вилоят, туманлар ҳокимлиги масъул ходимлари ва 50 га яқин салоҳиятли тадбиркорлардан иборат делегация Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш учун 1 минг 50 километр йўл босиб, етиб борди.
Бу ҳақда ЎзАга вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Элмурод Авазов хабар берди.
Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасини ҳар тарафлама ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу сафар вилоятлардан борган делегациялар ҳудудда тадбиркорликни кенг ривожлантириб, Қорақалпоғистоннинг иқтисодий салоҳиятини оширишга ёрдам беради.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва тадбиркорлари сўнгги йилларда Қорақолпоғистон Республикасини иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Жумладан, ўтган йили Мўйноқ туманида “Термиз таъминот” масъулияти чекланган жамияти ўз маблағи ҳисобидан 3 миллиард 400 миллион сўмлик 300 ўринли мактабгача таълим муассасасини қуриб, фойдаланиш учун беғараз топширди. “Термиз таъминот” масъулияти чекланган жамияти ва Қорақолпоғистонлик тадбиркорлар ҳамкорлигида қамиш заррачали плиталар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Муйноқ туманида барпо этилаётган замонавий корхона келгуси йил Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топширилади.
Бу борадаги ишларни давом эттириш учун Қорақалпоғистон Республикасига борган делегация аъзоларига Вазирлар Кенгаши Раисининг Молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Н. Ерлепесов тадбиркорларга яратилган шароит ва имкониятлар, туманларнинг ўсиш нукталари яъни, драйвер йўналишлари бўйича тақдимотлар ўтказди. Солиқ қўмитаси мутасаддилари солиқлар бўйича яратилган имтиёзлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, сурхондарёлик тадбиркорлар ҳам ўз йўналишлари бўйича тақдимотларини тақдим этди.
Термиз шаҳридаги “Ўтан полвон” хусусий корхонаси Нукус ва Тўрткўл шаҳарларида замонавий тиббий хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, “Glass Expo Surxon” масъулияти чекланган жамияти ойнага ишлов бериш корхонасини қуриш, Олтинсой туманидаги “Султон шарбати” масъулияти чекланган жамияти Нукус шаҳрида корхона ишлаб чиқарилаётган вино маҳсулотлари дўкони ва замонавий ресторан барпо этиш таклифини илгари сурди.
Эндиликда тадбиркорларимиз Қорақалпоғистоннинг экспорт салоҳиятини оширишга ҳам кўмаклашмоқчи,дейди вилоят иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Э.Авазов. Ўнга яқин салоҳиятли тадбиркор Қозоғистон донини қайта ишлаб, ун ишлаб чиқариш ва Афғонистонга экспорт қилиш истагини билдирди. Бу корхоналарнинг ҳар бирида ўртача 50 – 100 кишининг бандлиги таъминланади. Сурхондарё вилоятида 500 га яқин хотин-қизни иш билан таминлаган покистонлик тадбиркор жунни қайта ишлаб, афғон гиламларини тўқиш ва хорижга сотиш лойиҳасини амалга оширади. Бу ерда тўқувчилар бор. Лекин, ип билан таъминлаш, дизайнер масаласи ва экспорт қилишда муаммо мавжуд. Бизнинг тадбиркорларимиз қўшма корхона ташкил этиб, ана шу муаммоларни ҳал этади. 400-500 иш ўрни яратади. Гипсакартон, цемент, буёқ ишлаб чиқариш бўйича ҳам истиқболли лойиҳаларимиз бор.
Сурхондарёлик тадбиркорларнинг бу каби лойиҳаларини амалга ошириш учун Қорақолпоғистон Республикасининг савдо-саноат палатасида штаб ташкил этилиб, салоҳиятли тадбиркорлар ҳамда Термиз шаҳар ва барча туман ҳокимлари биринчи ўринбосарлари Қорақолпоғистон Республикаси туман ва шаҳарларига бириктирилди.
Яқин кунларда Орол бўйида ўз бизнесини йўлга қўйиш учун яна 30 яқин сурхондарёлик тадбиркор Қорақалпоғистон Республикасига йўл олади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА