Бугун пойтахтимиздаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда Япониянинг Токио шаҳрида ўтган XVI Паралимпия ўйинларида 8 олтин, 5 кумуш ва 6 бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 160 дан зиёд давлат орасида 16 ўринни эгаллаган Ўзбекистон спортчилари тантанали кутиб олинди.

Шу муносабат билан мамлакатимизнинг ҳаво дарвозаси бўлмиш муаззам аэропортда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маданият ва санъат намояндалари, спортчилар, паралимпиячиларимизнинг ота-оналари, журналистлар ғолиб спортчиларимизни тантанали кутиб олишди.

Жорий йилги спорт мавсумида Ўзбекистон фарзандлари дунёнинг нуфузли мусобақалари – XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларида бутун жаҳонга мамлакатимизнинг улкан салоҳиятини намоён қилди. Аждодлари буюк миллатнинг авлодлари ҳам буюк ишларга қодирлигини, юртимиз ёшларининг мардлик ва жасоратда, шижоат ва матонатда, иқтидору истеъдодда ҳеч кимдан кам эмаслигини, аксинча, манаман деган давлат ёшларидан шиддатли баҳсларда устун эканлигини исботлади.

Иродали ва жасоратли йигит-қизларимизнинг Токио спорт майдонларидаги азму шижоатини дунё оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб борган ер куррасидаги миллионлаб спорт ихлосмандлари уларнинг ғалабалари орқали қуёшли Ватанимиз Ўзбекистонни, салоҳиятли халқимизни, ҳар бир қарич ери дуру дурдоналарга бой мамлакатимизни яна бир бор яқиндан таниди, тан берди.

Спортчиларимизнинг ХХХII ёзги Олимпия ўйинларида ўз ғалабалари билан барчамизнинг қалбимизда бир мақсад атрофида бирлашиш туйғусини жо этган, ғурур-ифтихоримизни тоғдек кўтарган музаффарлик онларининг ҳовури босилмай туриб, Токио шаҳрида ўтган XVI ёзги паралимпия ўйинларида зафар қучган иродали спортчиларимиз кўнгилларимизни яна ғалаба нашидаси, бахтиёр лаҳзалар шукуҳи билан чулғади.

Ўзбекистон паралимпиячилари эпидемиологик мураккаб вазиятга қарамасдан тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасига ҳар жиҳатдан пухта тайёргарлик кўрганлиги натижаларда ўз аксини топди. Ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиши, тажриба ва маҳоратини ошириши, паралимпия ўйинларига йўлланма берадиган нуфузли мусобақаларга тайёрланиш ва уларда муносиб қатнашиши учун давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратилди, уларнинг маҳалласи, оиласига алоҳида эътибор қаратилди, ғамхўрлик кўрсатилди.

XVI ёзги паралимпия ўйинларида Ўзбекистоннинг 48 нафар паралимпиячиси 8 та спорт тури – параенгил атлетика, парасузиш, парадзюдо, паратаэквондо, параўқ отиш, парапауэрлифтинг, параканоэ ва параэшкак эшиш каби спорт турларининг 55та йўналиши бўйича ўтказилган мусобақаларда Ўзбекистон спорт делегацияси 160 дан ортиқ давлат орасида 16, МДҲ ва Осиё мамлакатлари ичида 4, туркий тилли давлатлар орасида 2, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллади.

– Биз Хоразм вилоятининг Боғот туманиданмиз. Хурсандчилигимизнинг чек-чегараси йўқ. Ўғлим Паралимпия ўйинларига кетиш олдидан албатта олтин медаль билан қайтаман, дея ваъда берганди. Шукр, юзимизни ёруғ қилди. Дадаси Умарбек Аҳмедов ва Деҳқонбозор қишлоғидан кўплаб қариндошлар, дўстлари, маҳалладошларимиз билан ғолиб фарзандларимизни кутиб олиш учун келдик. Учқунжонинг Токиодаги ғалабаси бутун халқимизнинг ютуғи, давлатимиз раҳбарининг ёшларга кўрсатган эътиборининг ёрқин самараси, деб биламан, – дейди парадзюдо бўйича олтин медаль соҳиби Учқун Қуронбоевнинг онаси Рухия Матназарова.

– Ўзбекистон номини улуғлаган спортчиларимизни кутиб олиш учун Сурхондарёнинг Узун туманидан келдик. Фарзандим Гулжаной Наимова паратаэквондо бўйича олтин медаль соҳиби бўлган онларни сўз билан ифода этолмайман. Дилбандимнинг чемпион бўлишида ўз хизматини аямаган спорт федерацияси мутахассисларига, мураббийларига раҳмат. Қолаверса, бу ютуқ давлатимиз томонидан спортчиларимизга кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликнинг натижасидир, – дейди Гўзал Тожибоева.

…Мана, орзиқиб кутилган дамлар келди – улкан ҳаво кемасидан қўлларида Ватанимиз байроғини мағрур кўтарган паралимпиячиларимиз чиқиб келмоқда. Карнай-сурнай садолари ёшларнинг “Янги Ўзбекистоннинг янги ғалабалари!”, “Иродали ва матонатли спортчиларимиз – юрт фахри”, “Чемпионларимиз қайтди” деган ҳайқириғига уланиб кетади.

Паралимпия ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари, иштирокчилари, уларнинг ота-оналари ва мухлислар усти очиқ автобусда муҳташам пойтахтимизнинг кўркам кўчалари бўйлаб Янги Ўзбекистоннинг улкан салоҳияти, халқимизнинг ақл-заковати ва орзу-интилишлари тимсоли сифатида қисқа фурсатда бунёд этилиб, мамлакатимиз Мустақиллигининг 30 йиллик шодиёналари ўтказилган “Янги Ўзбекистон” мажмуаси сари йўл олишади. Тошкент халқаро аэропортидан “Янги Ўзбекистон”га қадар бўлган кенг ва ёруғ кўчаларнинг йўл четларида музаффар спортчиларимизни мухлислар кутиб олишди, уларни олқишлашди.

Муаззам мажмуанинг кенг майдонида бўлиб ўтган тантанали маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери Нуриддинжон Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, ота-оналар номидан сўз олганлар паралимпиячиларимизнинг бу юксак ғалабаси халқимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлагани, мамлакатимизда сўнгги йилларда спортни ривожлантиришга, жисмоний имконияти чекланган спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор ва ғамхўрликнинг улкан самараси эканлигини алоҳида таъкидлади.

Ғолиб ва совриндор спортчиларимиз номидан сўзга чиққан Учқун Қуронбоев ва Гулжаной Наимова халқимизнинг ишончи, давлатимизнинг ёшларга қаратаётган юксак эътибор ва ғамхўрлиги учун миннатдорлик билдирди. Келгусида бундан-да юксак ғалабаларни қўлга киритишга ваъда берди.

– Паралимпия ўйинларидаги ғалабамизни мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишлаймиз, – дейди параенгил атлетика бўйича Паралимпия ўйинлари ғолиби ва рекордчиси Бобуржон Омонов. – Олимпиячиларимизни кутиб олиш маросимини кўрганимизда уларга чин дилдан ҳавас қилган, биз ҳам нуфузли мусобақада муносиб иштирок этиб, ғалаба қозонамиз, деб ният қилган эдик. Бугун ана шу ниятимизга етганимиздан, бизни ҳам олимпиячиларимиз каби катта тантана билан кутиб олишганидан бошимиз осмонга етди.

“Янги Ўзбекистон” мажмуасида бўлиб ўтган маросимда паралимпия ўйинлари ғолибларининг ҳар бирига 200 минг АҚШ доллари, уй ва автомобиль, кумуш медаль совриндорларига 100 минг АҚШ доллари, автомобиль ва хонадон, бронза медали соҳибларига эса 50 минг АҚШ доллари, хонадон ва автомобиль Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси сифатида топширилди.

Эътирофга муносиб бўлмоқ юрт фарзандининг қалб тўридаги нияти. Ўзбекистон спортчилари XVI ёзги паралимпия ўйинларида ўз маҳорати, матонати ва шижоатини намоён этиб, холис ниятига етишди. Истагимиз, матонат тимсоли бўлган спортчиларимиз келажакдаги нуфузли мусобақаларда, жумладан, 2024 йил Франциянинг Париж шаҳрида бўладиган XVII Паралимпия ўйинларида бундан-да юқори натижаларга эришиб, Янги Ўзбекистон довруғини дунёларга достон этаверсин.

Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ,

Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА