Аввал хабар берилганидек, бугун пойтахтимизда Халқ демократик партиясининг қурултойи бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ва унинг Сайловолди дастури тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинмоқда.

Қурултойда делегатлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Халқ демократик партиясидан Мақсуда Ворисова номзодини қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг номзод Сайловолди дастурини эълон қилди.

Дастурнинг асосий мақсади  мамлакатимизда ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этишдир. Дастур лойиҳасида тўққизта йўналишда таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан, аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган кучли ижтимоий сиёсат юритиш, ижтимоий йўналтирилган иқтисодий сиёсат, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик эҳтиёждаги товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини, уй-жойлар ва коммунал хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш, аҳолининг барча қатламларига юқори сифатли ва тўлақонли тиббий ёрдам кўрсатиш, ёшларнинг сифатли таълимдан тенг фойдаланишини, халқ демократияси ва ижтимоий тенглик, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш ҳамда халқаро сиёсат йўналишларида бир қатор таклифлар, мақсад-вазифалар белгиланган.

Масалан, биринчи йўналишда аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш, ижтимоий нафақалардан юқорироқ меҳнат ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг шахсий ташаббуслари ва уддабуронлигини рағбатлантириш, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари, кундалик эҳтиёжи билан боғлиқ ҳамёнбоп товар ва хизматлар, арзон уй-жой ва коммунал хизматлар билан таъминлаш, аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул ва сифатли таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш, пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатлайдиган  пенсия ва ижтимоий таъминотнинг мақбул тизимини шакллантириш каби таклифлар илгари сурилмоқда.

Иккинчи йўналиш доирасида ўрта муддатли истиқболда кам таъминланган аҳоли қатламлари улушини камида 2 баравар қисқартириш мақсадида камбағалликни бартараф этиш бўйича самарали ишларни амалга ошириш, иқтисодиётнинг инновацион илғор технологияларга асосланган ишлаб чиқариш тармоқларини жадал ривожлантириш мақсадида самарали молиявий ва солиқ имтиёзларини қўллаш, ўрта муддатли истиқболда иш ҳақи даражасини яшаш минимумидан камида 1,5 баравар юқори бўлган (ўзини-ўзи банд қилиш ва хусусий тадбиркорликдан олинадиган даромадлар ҳисобига) меҳнатга лаёқатли аҳолининг барқарор иш ўринларида бандлигини таъминлашга эришиш мақсад-вазифалари белгиланган.

Шунингдек, номзод дастурида аҳолининг кам даромадли қатламларини ҳаёт учун зарур арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича мақсадли давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш, саноат ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини ички истеъмол бозорини мамлакатимизда ишлаб чиқарилган кундалик зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва товарлар билан тўлдиришга йўналтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун арзон уй-жой қуришга имтиёзли ипотека кредити бериш амалиётини такомиллаштириш, “Коммунал хизматлар тарифларини тартибга солиш асослари тўғрисида”ги, “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш каби таклифлар, мақсадлар ўз ифодасини топган.

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА