Хўжайлидаги 1-сон “Меҳрибонлик уйи”да республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон бўлими, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ҳамда туман ҳокимлиги томонидан “Янги Ўзбекистон фарзандиман!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бӯлиб ӯтди.

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, туман ҳокимлиги, кенг жамоатчилик, тарғиботчилар, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, айни пайтда Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшаётган бутун аҳоли энг улуғ ва энг азиз санани катта ютуқлар билан қарши олмоқда. Сўнги беш йил давомида жонажон Ўзбекистонимизда бир неча ўн йилликларга татигулик, аввал кузатилмаган туб ўзгаришлар ва янгиланишлар юз берди. Ўтган қисқа вақт ичида халқимиз эркин ва фаровон яшаши учун барча соҳаларда ислоҳотлар амалга оширилди ва бу ишлар давом этмоқда. Мана шу ўзгариш ва янгиланишларда давлатимиз раҳбарининг ёшларга, таълим соҳасига, шунингдек, “Меҳрибонлик уйи” ва бошқа махсус ихтисослаштирилган интернат тарбияланувчиларига қаратаётган эътибори халқимиз кўнглидан чуқур жой олмоқда.

Тадбир давомида “Мен ҳам спортчи бӯламан!” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон биринчиликлари, Олимпиада ӯйинлари ва жаҳон чемпионатларида муваффақиятларга эришган спортчиларнинг тарбияланувчилар билан учрашуви, Миллий гвардия бошқармаси томонидан қурол-яроқ ва жанговар техникалар кўргазмаси, ҳарбий хизматчиларнинг кӯргазмали чиқишлари ташкил этилди.

Сўнгги йилларда китобхонликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши асосида ҳудудларда ёзувчи-шоирлар иштирокида китоб байрами ва ярмаркалари, китобхонлар, босма ва электрон китоб ишлаб чиқарувчилар, китоб сотувчилар ҳамда кутубхоначи ва тарғиботчилар орасида “Йилнинг энг яхши китоби”, “Энг яхши китобхон оила”, “Йилнинг энг яхши болалар китоби” каби танловлар ўтказиб келинмоқда.

Шунингдек, жорий йил 24 июнда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг “Умумтаълим мактаблари кутубхона фондларини адабий китоблар билан таъминлаш мақсадида уларга маблағ ажратиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат асосида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги умумтаълим мактаблари ва ҳудудлардаги кутубхона ахборот-ресурс марказлари кутубхоналари фондига ўзбек ва қорақалпоқ тилидаги адабий китобларни харид қилиш учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 1,5 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилди.

Маънавий-маърифий тадбир доирасида “Учинчи Ренессансга менинг ҳиссам” лойиҳаси амалга оширилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти, Хӯжайли тумани ҳокимлиги томонидан “Меҳрибонлик уйи” кутубхона фондига бадиий-адабий асарлар тўпламидан иборот сара китоблар совға қилинди.

“Янги Ўзбекистон” видеоролиги намойиши билан бошланган тадбирнинг сўнггида “Меҳрибонлик уйи” битирувчиларига қимматбаҳо совғалар топширилди. Концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА