2021 йил 27 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда Сенат аъзолари, ҳукумат масъуллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис иши Олий Мажлис Сенатининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали тўғридан-тўғри намойиш этилди.
Дастлаб сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги директорининг соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари ижро этилиши ҳолати тўғрисидаги ахборотини эшитдилар.
Ерлардан оқилона, самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер билан узвий боғланган Давлат кадастрлари ягона тизимини тўлақонли юритиш мамлакатнинг долзарб вазифаларидандир.
Сўнгги йилларда ушбу ресурсдан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, ер муносабатлари соҳасида қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, ахборот технологияларини жорий қилиш орқали ер ажратиш тартибининг очиқлиги ва шаффофлиги ортиб бормоқда, соҳада бюрократик тўсиқлар бартараф этиляпти.
Афсуски, ер билан боғлиқ муносабатларда талон-тарожликлар рўй бермоқда. Ушбу соҳада коррупция авж олган. Ҳар куни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ерни ноқонуний сотиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича маълумотлардан хабардор бўлиняпти.
Жумладан, 2020 йилда 67 нафар Кадастр агентлиги мансабдор шахсига нисбатан 46 та жиноят иши кўриб чиқиш учун судларга юборилган бўлиб, етказилган зарар миқдори 550 млн сўмни ташкил этган. Бундан ташқари, 2021 йилнинг ўтган олти ойи давомида эса Кадастр агентлигининг 48 нафар ходимига нисбатан 24 та жиноят иши очилган. Натижада давлат ва жамият манфаатларига 1,3 миллиард сўм миқдорда зарар етказилган.
Биргина 2020 йилда республика бўйича 50 мингга яқин ҳолатда 11 200 гектар ер ўзбошимчалик билан эгалланган, шундан 3 200 гектарда ноқонуний уй-жой қурилган. Буларнинг 99 фоизи суғориладиган, унумдор қишлоқ хўжалиги ерлари ҳисобланади.
Шунингдек, 2021 йилнинг ўтган етти ойи мобайнида 11 214 та ҳолатда 2 000 гектардан ортиқ ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган. Мутасадди идоралар томонидан эса ушбу қонунбузилиш ҳолатларининг бор-йўғи 1188 таси ёки 10,5 фоизи бартараф этилган холос.
Кадастр базасида давлат рўйхатидан ўтмаган 2 миллион 746 мингдан ортиқ кўчмас мулк объектининг эгалик ҳуқуқи белгиланмаган.
Шунингдек, мутасадди идоралар томонидан географик объектлар номларини давлат реестрига киритиш ишлари охирига етказилмаганлиги оқибатида республика бўйича 1 123 та кўча номсиз қолган. Бу эса, ўз навбатида, турли ташкилотлар, хусусан, тез тиббий ёрдам кўрсатиш муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан фуқароларнинг яшаш манзилларини аниқлашда қийинчиликларни вужудга келтирмоқда, натижада аҳолининг ҳақли эътирозлари юзага келаётир.
Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низом талаблари туман ҳокимликлари ва кадастр бўлимлари томонидан тўлиқ бажарилмаган.
Бундан ташқари, республика бўйича 2021 йил 5 август ҳолатига кўра, 90 690 та фермер хўжалигидан 2 916 таси билан ижара шартномаси тўлиқ расмийлаштирилмаган. Бу эса, ўз навбатида, фермер хўжаликлари ва туман ҳокимликлари ўртасида ер билан боғлиқ турли низолар келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
Кадастр агентлиги томонидан ўз фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда ҳам қатор камчиликларга йўл қўйилган. Биргина Очиқ маълумотлар (data.gov.uz) базасида жойлаштирилиши лозим бўлган умумий маълумотларнинг 55,5 фоизи ўз вақтида жойлаштирилмаган.
Ялпи мажлисда ушбу соҳада аниқланган камчиликлар борасида тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши бўйича Кадастр агентлигига тавсия ва таклифлар берилди.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Сўнгра Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга ошириш чора-тадбирлари ижроси устидан парламент назоратини олиб бориш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Бугунги кунда Орол денгизи фожиаси ўзининг гуманитар, экологик ва ижтимоий-иқтисодий салбий оқибатларининг кўлами жиҳатидан нафақат минтақамиз, балки умумсайёравий муаммо эканлигини инобатга олган ҳолда унинг негатив таъсирини камайтириш, Оролбўйи минтақасида генофондни сақлаб қолиш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада янги Ўзбекистон Оролбўйи минтақасининг экологик барқарорлигини таъминлаш ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича республикамизда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш билан бирга, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотларда кўплаб ташаббусларни илгари суриб келмоқда.
Бунга яққол мисол сифатида Президент ташаббуси асосида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги 75-сессиясида “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюцияси қабул қилинишини келтириш мумкин.
Ҳужжатда белгиланган устувор вазифаларнинг амалий ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 29 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарор билан Оролбўйи минтақасига иқтисодиёт тармоқларида ресурсларни тежовчи ва юқори самарага эга замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга жорий қилиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш билан боғлиқ 7 та йўналишдаги 2021-2024 йилларда амалга оширилиши белгиланган “Йўл харитаси” тасдиқланган.
Шу билан бирга, қарор билан 2021-2024 йилларда бажарилиши режалаштирилган 65 та устувор инновацион лойиҳа ҳам тасдиқланган. Уларнинг ишга туширилиши натижасида 4500 та янги иш ўрни яратилади.
Қолаверса, Олий Мажлис палаталари, шу жумладан, Сенатга мазкур қарор ҳамда резолюция доирасида амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги бўйича таъсирчан ва мунтазам парламент назоратини ўрнатиш тавсия этилган. Шу муносабат билан ушбу қарорда белгиланган тадбирларнинг вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши мониторингини амалга ошириш, улар ижросини Сенат аъзолари томонидан чуқур таҳлил этган ҳолда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, тадбирларнинг амалга оширилиши ва уларнинг натижадорлиги тўғрисидаги масала бўйича масъул ижрочиларнинг ахбороти эшитиб борилиши муҳим ҳисобланади.
Мажлисда парламент назоратини амалга оширишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Бундан ташқари, тадбирларнинг ижроси устидан узлуксиз ва тизимли мониторинг олиб бориш, ҳукумат ва масъулларга парламент сўровларини юбориш, жойларда депутатлик ва сенаторлик ўрганишларни ташкил қилиш, резолюциянинг мазмун-моҳияти, унинг вазифалари доирасида амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлигини аҳоли орасида тушунтириш ва ОАВда кенг тарғиб қилиш ишларини ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Сенатнинг тегишли қўмиталарига тадбирларни амалга ошириш учун халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбирларни молиялаштиришнинг ички манбаларини шакллантириш ва мувофиқлаштириш, Оролбўйи минтақасида экологик инновациялар ва технологияларни татбиқ қилишнинг институционал базасини ривожлантириш борасида вазифалар белгилаб берилди. Экологик барқарорликни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида инновацион технологияларни татбиқ қилиш, илм-фанни ривожлантириш каби муҳим йўналишларда олиб борилиши зарур бўлган ишларга урғу берилди.
Бундан ташқари, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказган учрашувида Қорақалпоғистон Республикасига яна бир бор алоҳида эътибор қаратгани, у ерда тадбиркорликни янада ривожлантириш учун бошқа ҳудудлардан ишбилармонларни жалб этиш, уларга турли имтиёз ва преференциялар бериш масаласи сенаторлар томонидан кенг муҳокама қилинди.
Шунингдек, бу борада Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда Оролбўйи минтақасини кўп томонлама барқарор ривожлантириш “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, унда “Қорақалпоғистонда бизнес қилинг” шиори остида бошқа ҳудудлардан келган тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларни назарда тутиш ҳамда уларга турли имтиёз ва преференциялар бериш бўйича таклифлар киритиш топшириғи берилди.
Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Сўнгра сенаторлар “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини муҳокама қилдилар.
Ҳужжат суғурта фаолиятини тартибга солиш, соҳага илғор халқаро тажрибаларни жорий қилиш ҳамда суғурта соҳасидаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Шунингдек, суғурта турларини кўпайтириш, барқарорлигини таъминлаш билан мутаносиб равишда аҳолининг суғурта маданиятини ошириш ҳам назарда тутилган.
Қонунда суғурта бозорининг профессионал иштирокчилари (суғурта ташкилотлари, суғурта брокерлари, аджастерлар, ассистанслар, актуарийлар, сюрвейерлар) ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ белгиланмоқда.
Қолаверса, суғурта шартномаларини электрон тарзда интернет орқали тузиш жараёни қонун билан мустаҳкамланмоқда.
Ҳужжатнинг қатор янги нормалари суғурта хизмати истеъмолчилари ва суғурта фаолиятининг бошқа субъектлари ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, аҳолининг суғурта саводхонлигини ошириш ва уларнинг суғуртага бўлган ишончини мустаҳкамлаш, суғурта бозорининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шунингдек, ҳар томонлама пишиқ-пухта ишлаб чиқилган қонун суғурта соҳасида тажрибадан ўтган миллий амалиёт ва халқаро тамойилларга асосланганини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз.
Умуман олганда, қонун соҳадаги кўплаб вазифаларни ҳал этишга қаратилмоқда. Жумладан, ушбу ҳужжат билан суғурта бозори профессионал иштирокчилари фаолиятини жонлантириш, шунингдек, умумий суғурта бозори профессионал иштирокчиларининг ролини ошириш орқали суғурта бозори инфратузилмасини ривожлантириш ва кенгайтириш, суғурта хизматлари истеъмолчилари ва суғурта фаолиятининг бошқа субъектлари ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, аҳолининг бу борадаги саводхонлиги ва ишончини ошириш, суғурта бозорининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш каби масалалар қамраб олинмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин сенаторлар “Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар.
Таъкидланганидек, мазкур қонун қишлоқ хўжалиги кооперативлари фаолиятини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадларига хизмат қилади.
Қишлоқ хўжалиги кооперативи ишлаб чиқариш кооперативининг шаклларидан бири бўлиб, тижорат ташкилоти ҳисобланади.
Қонун билан қишлоқ хўжалиги кооперациялари фаолиятининг асосий тамойиллари мустаҳкамланмоқда. Қолаверса, қишлоқ хўжалиги кооперативини ташкил этиш механизмлари, хусусан, кооперативни ташкил этиш ва уни давлат рўйхатидан ўтказиш, ер участкаларини қишлоқ хўжалиги кооперативларига бериш ва улардан фойдаланиш тартиби ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативининг уставига доир талаблар белгиланмоқда.
Шу билан бирга, кооперациянинг бошқарув органларини ташкил этиш тартиби, ижро этувчи органлари, кузатув кенгаши ва уларнинг ваколатлари, йиғилишларни чақириш ва қарорларни қабул қилиш тартибига оид нормалар назарда тутилмоқда.
Қонунда қишлоқ хўжалиги кооперативи мулкини шакллантириш манбалари, пай бадаллари ва пай фонди, фойда ва зарарни тақсимлаш, кооперация ва аъзолар мулкий жавобгарлигининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.
Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги кооперативига аъзоликка доир масалалар ҳам очиб бериляпти. Хусусан, ўн олти ёшга тўлган жисмоний шахслар, шунингдек, қишлоқ хўжалиги кооперативи устави талабларига мос бўлган юридик шахслар қишлоқ хўжалиги кооперативининг аъзоси бўлиши мумкинлиги келтирилмоқда.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги кооперативининг фаолияти устидан назорат қилиш механизмлари белгиланмоқда. Жумладан, қишлоқ хўжалиги кооперативининг уставида кооператив тафтиш комиссиясини тузиш, яъни тафтишчини сайлаш назарда тутилиши мумкин.
Мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида қишлоқ хўжалигида кооперация муносабатларини шакллантиришнинг ҳуқуқий асоси яратилади, кооперативлар фаолияти ривожлантирилади, хўжалик субъектлари учун муносабатлар тўлиқ ҳуқуқий тартибга солинади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама қилинди.
Ялпи мажлисда юртимиз аҳолисининг тинч, осойишта ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлашда Давлат хавфсизлик хизматининг ўрни беқиёслиги таъкидланди.
Мазкур қонунда 26 сентябрь кунини Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни сифатида белгилаш назарда тутилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2018 йилнинг 5 апрелида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ҳужжат билан хизмат фаолиятининг мустаҳкам қонуний асослари яратилиб, зарур ташкилий-ҳуқуқий механизмлар белгиланди. Натижада Президентимизнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини демократлаштириш сиёсатига мос бўлган шаффоф, давлат ва халқ манфаатини ҳимоя қилувчи орган яратилди.
Шу сабабли, 2018 йил 2 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида 5 апрель – Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг касб байрами этиб белгиланган эди.
Бугунги кунда 5 апрель санасини Давлат хавфсизлик хизмати куни сифатида нишонлаш (Хизматнинг 30 йиллиги) хавфсизлик идораларининг фаолият юритишини ҳисоблашда қарама-қаршиликни келтириб чиқармоқда. Чунки ўтган йиллар давомида (2006, 2011 ва 2016 йиллар) хизматнинг тантанали юбилейларига Давлат хавфсизлик хизматининг хорижий ҳамкорлари таклиф этилиб, уларга эсдалик нишонлари топширилган.
Шу боис, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрами нишонланганидан сўнг, 26 сентябрь куни Давлат хавфсизлик хизматининг 30 йиллигини ўтказиш мантиқан тўғри ҳисобланади.
Ушбу ҳужжат қабул қилиниши натижасида 2018 йил 2 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун ўз кучини йўқотади ва 26 сентябрь тарихий санаси асосида юртимизда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни сифатида нишонланади.
Мазкур қонуннинг маъқулланиши Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг маънавий-руҳий кайфиятини, хизмат учун фахр туйғуси янада кучайиши, авлодлар ўртасида устоз-шогирд анъаналари сақланиб қолиши, хизматнинг фахрийларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, шунингдек, хорижий ҳамкорлар ўртасида давлат хавфсизлик идоралари имижини мустаҳкамлаш имконини беради.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама қилинди.
Қонун тегишли норматив-хуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш, коронавирус пандемияси ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш, олис ва чекка ҳудудлардаги бюджет ташкилотларида ишлаш истагини билдирадиган олий маълумотли мутахассислар сони ошиши ҳамда аҳоли даромадларининг ортишига хизмат қилади.
Жумладан, қонун билан пандемия даврида иқтисодий қийинчиликларга дуч келган соҳалардан бири бўлган туризмни қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этилган вақтинчалик имтиёзларни қўллаш муддати 2022 йилнинг 1 январигача узайтирилмоқда.
Қонун электр двигатели орқали ҳаракатланадиган автомототранспорт воситаларини (электромобиллар) сотиб олувчилар, олиб кирувчиларни йиғим тўлашдан озод этилишини ҳам назарда тутмоқда.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳар бир шаҳар ва туманларининг ўзига хос “ўсиш нуқтаси” деб аниқланган фаолият йўналишлари бўйича янгидан ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига 2024 йил 1 январга қадар фойда ва сув солиқлари бўйича 50 фоизлик имтиёз берилмоқда.
Қонунда Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатлар ҳудудида жойлашган айрим ҳудудлари учун ҳам қонун билан алоҳида солиқ ставкалари белгиланмоқда.
Хусусан, Фарғона вилоятининг Сўх тумани, Риштон туманининг “Чўнғара” МФЙ, Фарғона туманининг “Шоҳимардон”, “Ёрдон” ва “Ҳосилот” МФЙлари (Тоштепа кўчаси) учун фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ижтимоий солиқ (бюджет ташкилотларидан ташқари) ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича 1 фоиз миқдорида солиқ ставкаси белгиланмоқда.
Ушбу қонун коронавирус пандемияси ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш ҳамда аҳоли даромадларини кўпайтириш, тегишли соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи норматив-хуқуқий ҳужжатларни тизимлаштиришга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенаторлар шундан сўнг “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини муҳокама қилдилар.
Ушбу қонун билан мудофаа соҳасидаги айрим жараёнларга янгилик ва ўзгартишлар киритилмоқда. Хусусан, меҳнатга қобилиятсиз бўлса-да, оилавий-моддий шароитлари яхши ота-оналар розиликлари билан уларнинг чақирув ёшидаги фарзандларига муддатли ҳарбий хизматга чақириш ёки сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўташ имкониятини бериш мақсадида “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 21-моддасига ўзгартиш киритиш назарда тутилмоқда.
Президентимизнинг 2020 йил 6 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматларга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш бўйича жойларда мунтазам тегишли комиссиялар тузиш тизими амалиётга жорий этилди.
Бу эса “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонуннинг бир қатор 18, 20, 21, 38 ва 46-моддаларига ўзгартиш киритиш заруриятини юзага келтирмоқда.
Бундан ташқари, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматининг 2006 йил 12 майдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Давлатга етказилган зарар учун ҳарбий хизматчиларнинг моддий жавобгарлиги тўғрисидаги вақтинчалик низом қайта кўриб чиқилиб, ундаги жавобгарликни белгиловчи нормалар “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўтказилмоқда.
Ҳужжатнинг қабул қилиниши мамлакатимиз мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, фуқаролар томонидан ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ йўналишдаги қонун ҳужжатларини ягона кўринишга келтириш, соҳада қўлланиладиган тушунча, атама ва номланишларнинг бир хил талқин этилишига хизмат қилади.
Ушбу қонун фуқаролар, жамият ва давлат хавфсизлиги ҳамда фуқароларнинг мамлакат мудофаасини таъминлашда иштирок этишига оид ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди.
Бу қонун ҳам сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш, шу жумладан, судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Сенаторлар томонидан муҳокама қилинган қонун билан қуйидаги ўзгартиш ва кўшимчалар киритилаётгани таъкидланди:
бўш судьялик лавозимларига номзодларнинг танлов жараёнларини интернет жаҳон ахборот тармоғи (шу жумладан, веб-сайт) орқали ёритиб боришни йўлга қўйиш назарда тутилиши;
судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш;
судьялар олий кенгаши раисининг ўринбосари ваколатларига тегишли ўзгартишлар ва бошқа муҳим қоидалар киритилиши қайд этилди.
Қонуннинг қабул қилиниши натижасида очиқлик ва шаффофлик асосида судьялар корпусини энг муносиб кадрлар билан таъминлаш механизмлари янада такомиллаштирилади, судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш орқали фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси оширилади, суд тизимида коррупциявий ҳолатларни барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш механизмлари янада ривожлантирилишига эришилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра “Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Ислоҳотлар натижасида судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари янада кенгроқ жорий этилди. Яратилган қулайликлар туфайли фуқароларнинг одил судловга эришиш даражаси сезиларли ҳолатда, кескин ошди. Судлар фаолиятига жорий этилган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги нуфузи ва ўрни ошишига ҳисса қўшмоқда.
Бугунги кунда замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда суд тизимида “Е-ХSUD” ахборот тизими жорий этилган бўлса-да, қонун ва қонун ости ҳужжатларини янада тартибга солиш, уларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини янгича ташкил қилишни назарда тутадиган ҳуқуқий нормаларни аниқ белгилаш тақозо этмоқда.
Қонун билан 5 та кодекс, яъни Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига бир қатор ўзгаришлар ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, суд иш рақами бўйича судьяни “E-XSUD” ахборот тизими орқали ўзига керак бўлган суд ҳужжатларини олиш имконияти яратилгани боис, қонун билан қонунчиликда апелляция ва кассация шикоятларининг мазмунида ва қайтариш асосларида назарда тутилган “иш бўйича қабул қилинган суд қарорларининг суд томонидан тасдиқланган кўчирма нусхалари илова қилинмаган бўлса” деган қоида бекор қилинмоқда.
Иқтисодий процессуал кодексига жорий этилган ва бугунги кунда ижобий натижа берган, яъни соддалаштирилган тартибда иш юритиш институти Фуқаролик процессуал кодексига ҳам қўлланилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши натижасида жисмоний ва юридик шахсларнинг одил судловга бўлган ишончини янада ошириш, уларнинг ортиқча сарф-харажатларини тежашга эришилади.
Шунингдек, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий этишга хизмат қилади. Шу билан бирга, қонунчиликдаги айрим бўшлиқларни тўлдириб, мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги нуфузи ошишига олиб келади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий-ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу жараён давом эттирилиб, қонун ва қонун ости ҳужжатларни янада тартибга солишни тақозо этмоқда. Қонун 14 та моддадан иборат. Унга мувофиқ 7 та кодекс ҳамда 5 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, ҳужжат билан мулкдор ва (ёки) оператор Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан, интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилиши, тизимлаштирилиши ва сақланишини таъминлаш шартлиги белгиланмоқда.
“Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, Миллий гвардия бўлинмаларида ҳарбий хизматчилар билан бир қаторда махсус унвонли ходимлар ҳам фаолият кўрсатиши белгиланган. Бироқ, кўпгина қонунларда Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари, ички ишлар органлари ходимлари ҳақида нормалар мавжуд бўлса-да, Миллий гвардия ходимлари тўғрисида сўз юритилмаган. Шу боис, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги ҳамда “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги қонунлар, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Бюджет ва Солиқ кодексларига Миллий гвардия ходимлари билан боғлиқ тегишли қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликни бузиш билан боғлиқ норма бошқа норматив ҳужжатларга мувофиқлаштирилмоқда. Яъни, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритилмоқда.
Ушбу ўзгаришларнинг киритилиши инсоннинг шахсий дахлсизлиги олий қадрият эканлиги муносабати билан инсоннинг шахсий ҳаёти, унинг шахсига доир маълумотларни қонунга хилоф равишда олиш, қайта ишлаш, сақлаш, тарқатишдан жисмоний ва юридик шахсларнинг жавобгарлик таҳдиди билан тийилиши ва умуман унга доир маълумотлар билан қонуний ишлаш самарадорлиги оширилишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра сенаторлар Тошкент вилоятининг Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманлари ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.
Давлатимиз раҳбари жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилнинг ўзида бир неча маротаба Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига ташриф буюрган эди.
Тошкент вилоятининг Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманлари ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманлари, шунингдек, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш ташаббуси ҳам мана шу ташрифлар маҳсулидир.
Қайд этиш лозимки, Тошкент шаҳри аҳолиси сони 2021 йил 1 июль ҳолатига 2 737,2 минг кишини ташкил этиб, жорий йил бошига нисбатан 42,8 минг кишига ўсган, аҳолининг зичлиги 1 километр квадратга 7 564 кишини ташкил этади. Бу эса, ўз навбатида, келажакда Тошкент шаҳрини ривожлантириш, унинг ҳудудини янада кенгайтириш каби масалаларни юзага чиқаради.
Тошкент шаҳри аҳолиси сонининг йил сайин ошиб бориши шаҳарда янги ижтимоий соҳа объектларини қуриш, янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарини ташкил этиш, маданий ва дам олиш масканларини кўпайтириш чораларини кўришни талаб этади. Бу каби муаммолар Тошкент шаҳри ҳудудини босқичма-босқич кенгайтириш орқали амалга оширилиши мумкин.
Шу боис, ялпи мажлисда муҳокама қилинган ушбу масала Сенат қарори билан Тошкент вилоятидан 7 853,3 гектар ер майдони Тошкент шаҳрига, Тошкент шаҳридан 171,3 гектар ер майдони Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилиши белгиланмоқда.
Жумладан, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидан 1 827,1 гектар (шундан, 424,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Сергели тумани таркибига, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидан 490,0 гектар (шундан, 154,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани таркибига, Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидан 1 134,2 гектар (шундан, 578,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани таркибига, Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2 294,6 гектар (шундан, 1 090,9 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани таркибига, Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2 107,4 гектар (шундан, 1 002,6 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани таркибига, Тошкент шаҳрининг Сергели туманидан 33,8 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Зангиота тумани таркибига, Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидан 137,5 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани таркибига ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳри таркибига ўтказилаётган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган (суғориладиган) ерларни бошқа мақсадлар учун ажратиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Тошкент шаҳрига ўтказилаётган Тошкент вилоятининг тегишли ҳудудларидаги сайлов округларидан сайланган халқ депутатлари тегишлича Тошкент шаҳри халқ депутатлари ҳисобланиши белгиланмоқда.
Шу билан бирга, Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ўтказилган ҳудудларни муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш бўйича ҳукуматнинг алоҳида қарори қабул қилиниши белгиланмоқда.
Ҳукумат қарори билан Тошкент вилояти ва шаҳрининг бир-бирига ўтказилаётган ҳудудларида яшовчи аҳоли хатловдан ўтказиш орқали янги манзил бўйича қайта рўйхатга олинади. Вилоят ва шаҳар маҳаллий бюджети ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг прогноз параметрлари қайта кўриб чиқилиб, тегишли ўзгартиришлар киритилади. Аҳоли ва юридик шахсларнинг кўчмас мулклари кадастр ҳужжатларига ўзгартириш киритилади. Аҳоли ва юридик шахслар автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш, давлат рақамларини ўзгартириш ва гувоҳнома бериш каби масалалар ҳал этилади.
Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.
Шунингдек, ялпи мажлисда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига парламент сўрови юбориш ҳақидаги масала муҳокама этилди.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш ҳолати ҳамда ушбу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилди.
Бугунги кунда Бюро органларининг фаолиятида айрим тизимли камчиликлар мавжуд эканлиги таъкидланди.
Таҳлилларга кўра, Бюро органлари 2020 йил 1 январь ҳолатида жиноят, маъмурий, фуқаролик, иқтисодий судлар ва бошқа органларнинг жами 48,7 триллион сўмлик 3 788 927 та ижро ҳужжати иш юритувда бўлган.
Йил давомида 34,5 триллион сўмлик 2 698 476 та ижро ҳужжати тамомланган ва тугатилган. Шундан 15,1 триллион (31 %) сўмлик 2 124 591 та (56 %) ижро ҳужжати амалда ундирилган. Уларнинг 7,6 триллион сўмлик 742 476 та ижро ҳужжати муддати бузилган ҳолда ижро этилган.
2021 йил 1 январь ҳолатига 14,2 триллион сўмлик 1 090 451 та ижро ҳужжати қолдиқ бўлиб ўтган. Шулардан, 3,2 триллион сўмлик 368 250 таси (40 %) икки ойлик муддати ўтган ижро ҳужжатлари ҳисобланади.
Шунингдек, норматив ҳужжатларга асосан битта ижрочига бир ойда 19 та ижро ҳужжати ва бир йилда эса 227 та ижро ҳужжатининг ижросини таъминлаш имконияти мавжудлиги кўрсатилган.
2021 йил 1 январь ҳолатига Бюро органларида жами 2 320 нафар давлат ижрочиси фаолият юритади. Ҳар бир давлат ижрочисига бир ойда ўртача 470 та ижро ҳужжатининг ижросини таъминлаш вазифаси юклатилган.
Шу билан бирга, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳам қатор муаммо ва камчиликлар мавжуд. Жумладан, Мажбурий ижро бюроси иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича судлардан ҳар ҳафтанинг белгиланган кунлари ундирувчи билан кўришиб туриш тўғрисида ижро ҳужжатлари мавжуд.
Лекин “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунда кўришиб туриш ва ижро этиш тартиби тўғрисида бирор бир модда кўрсатилмаган. Шунингдек, меҳнат қонунчилигида механизм назарда тутилмаган. Натижада давлат ижрочилари ушбу ижро ишларини амалга ошириш учун дам олиш кунлари ҳам ишга чиқишига мажбур бўлмоқда.
Бундан ташқари, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 80-моддасида ундирувдаги 6 та навбат назарда тутилган. Лекин ундирувчи фуқаролар ва тадбиркорлар иккинчи ва олтинчи талабда кўрсатилган. Шу сабабли фуқаролар ва тадбиркорлар фойдасига ундирилиши керак бўлган қарздорлик ундирилмай, тадбиркорлик фаолиятига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Мазкур масалалар танқид қилинди.
Муҳокама якунлари бўйича сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига парламент сўрови юбориш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинди.
Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг 2020 йилдаги ва 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитдилар.
Таъкидланганидек, қўмита ўз фаолиятида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги қонун, Ҳаракатлар стратегияси, Президент фармон ва қарорлари, Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномалари ҳамда низомида белгиланган вазифалар ижроси доирасида муайян ишларни амалга оширган. Хусусан, қонунларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, парламент назоратини амалга ошириш, давра суҳбати ва халқаро анжуманлар ташкил этиш йўналишларида жами 76 та тадбир ўтказилган.
Қонунчилик палатасидан келиб тушган 23 та қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, уларнинг 22 тасини маъқуллаш ва 1 тасини рад этиш тўғрисидаги қўмита хулосалари Сенат Кенгашига киритилган. Вазирлик, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг 4 марта ҳисоботи, 24 марта ахбороти эшитилган. Муаммоларни бартараф этиш юзасидан қўмита таклифлари асосида ҳукуматга парламент сўровлари юборилган.
Сенатга келиб тушган 4700 га яқин мурожаат қўмитада, 15 мингдан ортиқ мурожаат жойларда сенаторлар томонидан кўриб чиқилиб, 12 мингга яқини, яъни 80 фоизи ижобий ҳал этилган.
Бюджет ва молия муносабатлари йўналишида ҳисобот даврида 10 та қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, 12 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилган.
Давлат бюджетининг ижроси юзасидан молия вазирининг ахбороти (4 марта), маҳаллий бюджетлар ижроси юзасидан тегишли вилоят ҳокимликлари ахбороти (4 марта), уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, транспорт вазирлари ва Навоий вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари ахборотлари эшитилган.
Ушбу йўналишда амалга оширилган ишларга доир қўмита таклифлари, жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси фаолияти такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишларда ҳам ўз ифодасини топган.
Пул-кредит сиёсати йўналишида 4 та назорат-таҳлил тадбири ташкил этилиб, 2 марта Марказий банк бошқаруви раисининг ҳисоботи эшитилиб, 1 та қонуннинг ижроси бўйича мониторинг ўтказилган.
Қўмита таклифлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармони ва 2021-2023 йилларга мўлжалланган молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш миллий стратегияси лойиҳасида ҳам ўз ифодасини топган.
Қўмита томонидан иқтисодиёт тармоқларида ислоҳотларни амалга ошириш йўналишида 13 та қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига киритилган. 3 та қонун ижроси ҳолати юзасидан мониторинг ўтказилган ва иқтисодиёт тармоқлари, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан 7 маротаба давра суҳбати, семинар ва конференциялар ташкил этилган.
Иқтисодиётни эркинлаштириш ва бозор механизмларини кенг жорий этишга оид қўмита таклиф ва тавсиялари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та фармонида ўз ифодасини топган.
Андижон вилоятида инвестиция дастурлари ижросини таъминлаш, бюджетга қўшимча маблағлар жалб қилиш, Тошкент вилоятини комплекс ривожлантириш ҳамда Ер кодексига мувофиқ мазкур вилоятда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг кафолатлари таъминланиши ҳолатлари ўрганилди.
Қўмита фаолияти йўналишларида ҳали ўз ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги қайд этилди.
Пул-кредит сиёсати масалаларида:
шаффоф танлов асосида банклардаги давлат улушини нуфузли хорижий инвесторларга сотиш орқали давлат иштирокидаги банкларни хусусийлаштириш жараёнини давом эттириш;
халқаро стандартлар ва илғор тажрибани қўллаган ҳолда банкларда “хатарга” асосланган назорат тизимини татбиқ этиш, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишни ўрганиб бориши зарур.
Иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш масалаларида 2022-2026 йилларга мўлжалланган макроиқтисодий ривожлантириш дастурининг ишлаб чиқилиши қўшни давлатлар билан кооперация алоқаларини кучайтириш орқали тадбиркорликни ривожлантириш масалаларини устувор вазифа сифатида белгилаши мақсадга мувофиқ.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада ўсимликлар карантини ва ҳимояси тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини тасдиқлаш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ялпи мажлисда 18 та масала, шу жумладан, 8 та қонун муҳокама қилинди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати