Alimov2.jpgДавлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университетининг ташкил этилиши зарурлигини қайд этгани соҳа мутахассислари олдига ўта муҳим ва долзарб вазифаларни қўймоқда.

Ўтмишга назар солсак, ўзбек миллий журналистикаси ўзининг қарийб 150 йилга яқин тарихи мобайнида ҳам ривожланиш, ҳам ўта оғир, турғунлик даврларини бошдан кечирди. Уни дастлаб чор Россиясига хизмат қилдиришди. Кейинги даврда миллий ва маърифий руҳият касб этди. Шўролар ҳукумат тепасига келгач вазият яна салбий томонга ўзгарди.

Мустақиллик йилларида журналистикамиз илғор халқаро тажрибалар ҳамда замонавий тенденцияларни ўзида синаб кўрмоқда. Натижада, бугунги кунга келиб ўзига хос, бетакрор миллий қиёфага эга бўлмоқда.

Шу маънода айтиш ўринлики, мамлакатимизда журналистика таълими тарихи ҳам бир текисда кечмаган. Унинг ривожланиш ва эврилиш даврлари бўлган.

Ечимини кутаётган масалалар

Тан олишимиз керак, мамлакатимизда замон талабларига мос журналист кадрларни тайёрлашда йиллар давомида ўз ечимини кутиб ётган масалалар талайгина.

Бугунги кунда журналистика таълими соҳасида муаммолар шу қадар йиғилиб қолганки, уларни битта мақола доирасида санаб ўтиш ёки ҳал этиш бўйича таклифлар бериш мутлақо мумкин эмас. Шу сабабдан мавжуд муаммоларнинг айримларигагина эътиборингизни қаратамиз холос.

1. Ўзбекистоннинг ташқарида туриб ичкарига, яъни мамлакатимиз аҳолиси учун ёзадиган хорижий мухбирлик пунктлари шаклланмаган. Мамлакатимиз етакчи оммавий ахборот воситалари, «Жаҳон» ахборот агентлигидан ташқари, шу кунгача ўз мухбирларини чет элга доимий ишлаш учун юбормаган. Ваҳоланки, инглиз, рус, хитой, испан, француз, поляк, япон ва бошқа чет тилларни яхши ўзлаштирган миллий кадрлар тайёрлашга эришилди.

2. Ичкарида туриб ташқарига – турли тилларда, мисол учун инглиз тилида ахборот узатувчи мухбирларни тайёрлаш иши такомиллаштирилмаган. Талабаларни ўқиш жараёнида чет эл ОАВга мунтазам равишда амалиётга юбориш учун зарур ишлар қилингани йўқ.

3. Журналистикани фан даражасига олиб чиқишга қаратилган илмий мактаб фаолияти, соҳада олиб борилаётган янги илмий изланишлар ва тадқиқотлар етарли даражада қўллаб-қувватланилмаяпти. Хусусан, ёш олимларнинг мақолаларини етакчи халқаро нашрларда чоп этишни тизимлаштириш, уларнинг халқаро анжуманлардаги иштирокини таъминлаш, илмий тадқиқотларни бевосита молиялаштириш (research funding) ишлари йўлга қўйилмаган.

4. Юқори даражадаги интеллектуал салоҳиятга эга бўлган ижодий кадрларни тайёрлашга бевосита хизмат қиладиган ўқув лабораторияларининг моддий-техник базаси замон талабларига мутлақо жавоб бермайди.

5. Хорижий турдош олий ўқув юртлари билан журналистик таълим, илмий тадқиқотлар, талаба ва ўқитувчилар алмашинувлари бўйича ҳамкорлик алоқаларини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш зарурати туғилмоқда.

6. Журналистика факультетларига кириш имтиҳонлари ва умуман кейинги ўқув жараёнидаги барча баҳолаш мезонлари талабанинг эгаллаётган интеллектуал билими билан бирга унинг ижодий маҳоратига бевосита боғлиқ бўлиши керак.

Беруний Алимов, тадқиқотчи.

Тадқиқотчи фикр-мулоҳазаларининг давоми сизни қизиқтирадими? Агар буни билишни истасангиз сайтимизда бугун бериладиган “Ахборот – янги нефть. У ҳозирги кунда энг зарур ва энг қиммат товарга айланмоқда” сарлавҳали материални ўқишни тавсия қиламиз.

 

ЎзА