Ватанимиз мустақиллигининг шонли 30 йиллик байрами арафасида “Ўзбекистон” нашриёти томонидан “Янги Ўзбекистон” китоб-альбоми нашрдан чиқарилди. Ушбу муаззам мажмуада истиқлол йилларида, айниқса, кейинги беш йилда юртимизда янги давлат ва жамият қуриш, халқимиз қалбидан чуқур жой олган Янги Ўзбекистон ғоясини амалга ошириш йўлида олиб борилаётган улкан ишлар ҳақида атрофлича ҳикоя қилинади.

Китоб-альбом мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Халқимизнинг беқиёс жасорати ва матонати билан қўлга киритилган, бизнинг миллий давлатчилигимизни, инсоний қадр-қимматимиз, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни тиклаб берган Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги орадан қанча йиллар, асрлар ўтса-да, жонажон Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади” деган самимий сўзлари билан бошланади.

Дарҳақиқат, мард ва олижаноб халқимиз ўзининг улкан салоҳияти, мустаҳкам иродаси ва матонати билан мустақиллик йилларида босиб ўтган ўта мураккаб ва айни пайтда шарафли тараққиёт йўли, қўлга киритган мислсиз ютуқ ва марралари китоб-альбомнинг асосий маъно-мазмунини ташкил этади. Уни варақлар эканмиз, яқин тарихимизда, мамлакатимиз тараққиётининг бугунги янги босқичида кечган шиддатли воқеалар, эл-юртимиз мардона енгиб ўтаётган турли синов ва машаққатлар, эришилган ютуқ ва натижалар беихтиёр бир-бир кўз ўнгимиздан ўтади.

Айнан мустақиллик туфайли юртимиз тарихан қисқа даврда илгариги иқтисодиёти бир томонлама шаклланган, қолоқ ўлкадан барча соҳаларда жадал ривожланиб, фуқароларнинг ҳаёт даражаси, сиёсий-ижтимоий фаоллиги, онгу тафаккури тобора юксалаётган, жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида узоқ-яқиндаги барча мамлакатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини кенг миқёсда олиб бораётган замонавий, очиқ ва демократик давлатга айлангани аниқ тарихий мисоллар, архив ҳужжатлари ҳамда таҳлилий материаллар орқали кўрсатиб берилган.

Китоб-альбомда “Миллий тараққиётимизнинг янги даври” деган алоҳида бўлимда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётини тубдан янгилаш, “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган ғояни реал воқеликка айлантириш, янги уйғониш даври – Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёни, уларнинг дастлабки натижалари, шаҳар ва қишлоқларимизнинг бугунги гўзал қиёфаси, давримиз қаҳрамонлари, шу заминда яшаб келаётган юртдошларимиз ҳаётидаги катта ижобий ўзгаришлар, янгича қадриятлар турли ракурс ва бўёқларда батафсил акс эттирилган.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида ҳаётимизнинг барча жабҳаларини эркинлаштириш, иқтисодиёт ва унинг тармоқларини, хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари ва даромад манбаларини яратиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ, таълим, тиббиёт, маданият, маънавият, адабиёт, санъат, спорт, ташқи сиёсат соҳаларидаги туб ўзгаришлар, жамиятимизда тинчлик ва барқарорлик, фуқаролар ва миллатлараро ҳамжиҳатлик муҳити мустаҳкамланиб бораётгани, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ёрқин лавҳалар, жонли тасвирлар, эксперт ва таҳлилчиларнинг холис хулосалари асосида қизиқарли тарзда ёритиб берилган.

Томчида қуёш акс этганидек, ушбу китоб-альбомдан ўрин олган ҳар бир далил ва маълумот, сурат ва лавҳа бунёдкор халқимизнинг куч-ғайрати ва салоҳияти билан эришилган, барчамиз учун ғоят қадрли бўлган юксак марралар хусусида, дунёда ягона, азиз ва мўътабар она диёримиз – Янги Ўзбекистонимиз ҳақида ҳикоя қилади.

Ҳеч шубҳасиз, ҳар бир саҳифасида Ватанимизнинг нурли бир манзараси акс этган ушбу нашр ўқувчиларда ёрқин таассуротлар уйғотиб, уларга бугунги тараққиётимиз ҳақида янада кенг маълумотлар беради, қалбларимизда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини юксалтиришга хизмат қилади.

 

ЎзА