Пойтахтимизда Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди.

Унда жорий йил 24 октябрда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиянинг иштирокига оид ва Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатиладиган бўлажак номзод тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, партиядан Президентликга кўрсатиладиган бўлажак номзод бўйича тегишли маълумотларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиш учун қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партия электорати, тарафдор ва фаоллари томонидан тавсия этилган Мақсуда Ворисова партиянинг қурултойида кўриб чиқиш учун номзод сифатида кўрсатилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси 2021 йилги президентлик сайловларига Мақсуда Ворисова Азизовна номзодини илгари суради.

Сайлов кодексига асосан Марказий сайлов комиссияси партия томонидан тақдим этилган ҳужжатларни 5 кунлик муддатда кўриб чиқиб, ариза қаноатлантирилган ҳолатда сиёсий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномаси ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини беради.

Шунингдек, пленумда партиянинг янги рамзини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам қизғин муҳокама этилди. Ишчи гуруҳи партиянинг янгича сиёсий брендини яратиш, логотипини янгилаш бўйича амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берди. Мутахассис ва экспертлар, фаоллар ҳамда фахрийлардан партиянинг кўп йиллик рамзларини ўзгартириш бўйича 30 га яқин таклиф олинди. Ишчи гуруҳ узоқ муҳокамалардан сўнг танлаган таклифлар бўйича фикр-мулоҳазалар ҳам тингланди.

Халқ демократик партиясининг янги логотипи параллелограмм шаклида бўлиб, бинафша ва оқ рангда акс эттирилган, марказида “XDP” деган ёзув туширилган.

Рамздаги бинафша ранг – меҳр-оқибат, саховатлилик рамзи бўлиб, етакчилар, лидерлар ранги ҳисобланади. Ушбу ранг партия ўз электорати вакиллари манфаатини ҳимоя қилишга, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга ва қўллаб-қувватлашга доимо тайёр эканлигига ишорадир.

Оқ ранг тинчлик-хотиржамлик, ижтимоий бирдамлик ва барқарорлик каби азалий ва эзгу ғояларни ифодалайди.

Таклиф ва мулоҳазалардан сўнг Халқ демократик партиясининг янги логотипи ва байроғи қабул қилинди.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА