Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан 5-6 август кунлари Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувида иштирок этади.
Туркманистон Президенти раислигида ўтадиган тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ҳамқатнашади.
Давлат раҳбарлари 2019 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтган Маслаҳат учрашувида эришилган келишувларнинг амалга оширилиши натижаларини кўриб чиқадилар.
Кун тартибига минтақада барқарор ва изчил тараққиётни таъминлаш, савдони ривожлантириш, энергетика соҳасида шериклик учун қулай шароитлар яратиш, транспорт-коммуникация соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, пандемияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва бошқа масалалар ҳам киритилган.
Ўзбекистон Президенти ўз нутқида дўстлик ва яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва кўмак муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ташаббусларни илгари суриши, узоқ муддатли умумий манфаатларга асосланган минтақавий ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишларини баён қилиши кутилмоқда.
Саммит якунида муҳим кўп томонлама ҳужжатлар, шу жумладан давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши ҳам режалаштирилган.
Маслаҳат учрашувининг дастури доирасида Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти ва минтақа Иқтисодий форуми, миллий маҳсулотлар кўргазмаси, миллий таомлар фестивали ҳамда санъат усталарининг тантанали концерти ўтказилиши мўлжалланган.
Таъкидлаш жоиз, маслаҳат учрашувларини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган эди.
Давлат раҳбарларининг биринчи саммити 2018 йил март ойида Қозоғистоннинг пойтахти Нур-Султонда, иккинчиси эса 2019 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтди.