Президент раҳбарлигида йил охирига қадар ҳудудлар ва тармоқларда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича аниқ чораларни белгилашга бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Йиғилишда қайд этилганидек, сўнгги беш йилда қишлоқ хўжалигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича 30 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинган.
Ўтган йили 101 минг гектар, жорий йил биринчи ярим йилликда эса 190 минг гектар қўшимча ер майдонлари ўзлаштирилган. Сўнгги 3 йилда қишлоқ хўжалигига 1,5 триллион сўм субсидия ажратилган.
Қишлоқ хўжалигини барча йўналишларида кластер тизими жорий қилиниб (жами 650 та кластер), уларга жорий йилнинг ўзида 6 триллион сўмдан зиёд кредитлар берилган.
Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқариш ҳажми Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Хоразм ва Тошкент вилоятида ўтган йилги даражада сақланиб қолган.
Шу билан бирга, айрим ҳудуд раҳбарлари мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишни билмаяпти. Мисол учун, Бешариқда гектаридан 234 центнер картошка етиштирилган бўлса, Тойлоқда атиги 146 центнер, полиз маҳсулотлари ҳосилдорлиги Бешариқда 157 центнер, Тойлоқда эса 76 центнер.
– Ваҳоланки, Тойлоқ туманининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдаги имкониятлари Бешариқ туманига қараганда анча юқори,–деди давлатимиз раҳбари.