Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилда жами 7 минг 423 гектар майдонда сув тежовчи технологияларни жорий этиш белгиланган эди. Бугунги кунда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган пахта далаларидаги ғўзаларни томчилатиб суғориш тадбирлари бошланди.
Қонликўл тумани “Жана қалъа” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Абдуллаев Дарябой” фермер хўжалигида жорий йил ҳосили учун экилган 28 гектар пахта майдонининг 25 гектарида ғўзаларни томчилатиб суғориш ишлари амалга оширилмокда. Бунинг учун “Агробанк” томонидан ажратилган 625 миллион сўмлик кредит маблағи ҳисобидан сувни тежовчи технологиялар келтириб ўрнатилган.
–Хўжалигимизнинг умумий экин майдони 92 гектарни ташкил этади, -дейди фермер хўжалиги раҳбари Дарябой Абдуллаев. – Жорий йил давлат хирмонига 100 тонна пахта ҳосилини етиштириб топширишни режалаштирганмиз. Ҳозирда ғўзанинг ривожланиши яхши, зарур агротехник тадбирлар вақтида бажариляпти. Ғўза қатор ораларини культивациялаш, суспензия сепиш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишларини амалга оширяпмиз. Асосийси, деҳқонлар сувни тежовчи усулнинг афзаллигини яхши тушуниб етди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА